Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистонда ишсизлик даражаси маълум қилинди. Самарқандликларнинг 9,3 фоизи ишсиз

Кеча, 18 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг жорий йил ўтган даврида амалга оширган ишлари ҳақидаги ҳисоботи ҳамда вазирлик ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг фуқароларимизни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш борасида олиб бораётган ишлари ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Қонунчилик палатаси депутатлари, сиёсий партиялар фракциялари вакиллари, қўмита ҳузуридаги эксперт гуруҳи аъзолари, вазирлик ва идоралар масъуллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари ҳамда журналистлар қатнашган йиғилишда вазирлик олдида турган муҳим вазифалар кенг муҳокама қилинди.

Йиғилишда таъкидланганидек, жорий йилнинг 8 ойи давомида республика бўйича 173,6 минг иш ўрни яратилиши белгиланган бўлиб, амалда 213 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилган. Бу прогнозга нисбатан – 122,8 фоизни ташкил этади.

Айни пайтда мамлакатимизда ишсизлик даражаси 9,1 фоизни ташкил этган ҳолда, бу кўрсаткич Қорақалпоғистон Республикаси (9,3 фоиз), Андижон (9,3 фоиз), Қашқадарё (9,4 фоиз), Жиззах (9,3 фоиз), Самарқанд (9,3 фоиз), Фарғона (9,4 фоиз) вилоятларида республика кўрсаткичидан юқори бўлиб, ушбу ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш, иш ўринлари яратиш борасидаги ишлар депутатлар томонидан қизғин муҳокама этилди.

Парламент аъзолари аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича кўрсатилаётган хизматларга ҳам эътибор қаратдилар. Жорий йилда меҳнат органлари томонидан 526 мингдан ортиқ шахсга хизмат кўрсатилган. Бу 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 баробарга ортган. Лекин депутатлар бандлик органларига мурожаат қилувчиларнинг неча фоизининг хоҳиш ва истаклари, қанча аҳоли мурожаатларининг қондирилгани билан қизиқдилар.

Шунингдек, жорий йилда илк бор меҳнат бозорига субсидия ва грант бериш тартиби жорий этилган. Ҳозирги кунда жами 6,3 миллиард сўм миқдорида иш берувчиларга, ишсиз фуқароларга, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламига ва томорқа ер эгаларига субсидиялар берилган. Натижада 6 минг 346 нафар ишсиз аҳолининг бандлиги таъминланган. 250 миллион сўм ажратилган грант маблағалари эвазига 246 нафар ишсиз фуқаро касбга ўқитилган.

Йиғилишда депутатлар вазирлик томонидан ўз-ўзини банд қилган фуқароларга вактинчалик меҳнат гувоҳномасини бериш ва меҳнат стажи юритилишини таъминлаш, давлат солиқ органлари билан ҳамкорликда яширин иш ўринларини легаллаштириб, расмий секторга ўтказиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда келгусидаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги директорининг фуқароларимизни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги ахбороти ҳам тингланди.

Депутатлар вазирлик, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан олиб борилаётган ишларни танқидий кўриб чиқиб, бу борада қамров ва самарадорликни ошириш борасида тегишли тавсиялар берди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.