Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистонда солиқ турлари қисқартирилди

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида солиқларни унификациялаш, ўхшаш солиқ солиш базасига эга солиқларни бирлаштириш орқали улар сони мақбуллаштирилди, солиқ ҳисоботлари камайтирилди ва соддалаштирилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги “Ҳуқуқий ахборот” каналида маълум қилинди.

Солиқ турлари 9 тагача қисқартирилди. Хусусан, ягона ер солиғи, давлат божи, божхона тўловлари ва тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ турлари бекор қилинди.

Кодексга кўра, солиқ органлари солиқ текширувларининг қуйидаги турларини ўтказади:

- камерал солиқ текшируви;

- сайёр солиқ текшируви;

- солиқ аудити.

Қайд этиш жоизки, илгари солиқ текширувлари ваколатли орган билан келишувга кўра ўтказиладиган ва ваколатли органни хабардор қилиш тартибида ўтказиладиган текширувлардан иборат бўлган.

Кодексга трансферт нарх шакллантиришни назорат қилиш нормалари, “ўзаро боғлиқ шахслар” ва “ўзаро боғлиқ шахслар ўртасида назорат қилинадиган битимлар”, “назорат қилинадиган чет эл компанияси” тушунчалари киритилди.

Шу муносабат билан айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан фаолият амалга оширилиши билан боғлиқ “солиқ тўловчиларни консолидациялашган гуруҳи” тушунчаси ва уларни солиққа тортишнинг хусусиятлари белгиланди.