Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Қарз бериш учун пул сақлайсизми?

Яқинда бир тадбиркорнинг уйида меҳмон бўлдим. Ўзига яраша бизнеси бор, бировга муҳтожлиги йўқ. Лекин хонадони оддийгина ортиқча ҳашам кузатилмайди.

– Маблағингиз бор экан, нега уйингиз томини қўшниларникидан баландроқ кўтармайсиз? – деб фикрини билмоқчи бўлдим.

– Уйингизнинг баландлиги сизнинг яхши амалларингизни билдирмайди-ку, – деди у гапимга ҳайрон бўлиб. Қолаверса, бу кибру ҳаводан бошқа нарса эмас. Энг ёмони, қасрдек уйингиз қўни-қўшниларнинг, ён-атрофдагиларнинг ғашини келтириши, дилига озор бериши мумкин.

Ҳақиқатан ҳам бугун кўпчилигимиз ўз фойдамизга қиладиган ишимизни бажараётганда бошқаларнинг кўнглини ҳисобга оляпмизми? Маблағимизни ҳалол йўл билан топаётган эканмиз, нега уни ҳавога совуришимиз керак? Бундай дабдабаларга не ҳожат?

Бу тадбиркорни яхши танийдиган кишилар унинг яна бир ибратли фазилатини айтишди. У маҳалладошлари қарз сўраб келса, қуруқ қайтармас экан. Баъзан қарзга, баъзида эса Аллоҳ йўлида эҳсон ҳам қилиб юбораркан. Ҳатто, мана шундай ҳолатлар учун қўлида алоҳида маблағ ушлаб тураркан.

Камтарлик ва оддийликка динимизда ҳам алоҳида урғу берилади. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг, халифалару саҳобаларнинг ҳаёти бунга ёрқин мисолдир. Халифа Умар розияллоҳу анҳу минбарда туриб, “Мени тингланглар ва менга итоат қилинглар!” дедилар.

У зотнинг гапи оғзидан чиқар-чиқмас, “Сени тинглаш ҳам йўқ, сенга итоат қилиш ҳам йўқ!” деди бир киши.

 – Нима учун? – дедилар Умар розияллоҳу анҳу.

– Нега иккита кийим кийиб олдинг? Биттаси ортиқча, уни қаердан олдинг?!” – деди бояги одам.

Шунда Умар розияллоҳу анҳу ўз ўғилларига қараб, “Эй Абдуллоҳ, жавоб бер энди!” дедилар.

– Биродарлар! Отамнинг ўз кийими юпун бўлгани учун жумага мен ўз кийимимни бериб турган эдим, – деди у.

Шунда ҳалиги одам ҳазрати Умарга “Энди гапиравер, ҳам эшитамиз, ҳам итоат қиламиз, – деди.

Айтиш мумкинки, Умар (р.а) ўша пайтда мусулмон оламининг энг улуғ кишиларидан бири эди. Шундай бўлишига қарамай, ўз амалидан фойдаланмади. Фуқаронинг эътирозини эшитди ва унга изоҳ берди. Бу ҳолат назаримизда, нафақат раҳбарнинг адолатини, балки оддийлигини кўрсатади.

Бугун орамизда айрим кишиларнинг мансаб берилганда эски дўстларни унутиши, мол-дунё келганда ночорларни эсламаслиги улар эътиқодининг ночорлигидандир. Расулуллоҳ (с.а.в.)дан шундай ҳадис бор: “Қалбида заррача кибри бор инсон жаннатга кирмайди”.

Демак, кибру ҳаво бизни нафақат бу дунёда, балки охиратда ҳам шарафсиз қилади.

Муҳаммадхон ПЎЛАТОВ,

Ургут туманидаги “Узун” жоме масжиди имом-хатиби.