Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Риторик идеaл ким?

Риторик идеал – педагогик риториканинг марказий категорияларидан бири ҳисобланади. Aнтиқ риторикада “ритор” (нотиқ), “идеал” (образ) сўзларининг боғланишидан таркиб топган. Қадимги Грецияда махсус нотиқлик мактабларида нотиқлар тайёрланган ва уларнинг айримлари идеал нотиқлар сифатида тан олинган. Нотиқ фаол, мулоқотга киришувчан, ўқимишли ва одобли, аудиторияни ҳурмат қиладиган шахс саналган. Бундан ташқари, риторик идеал образи ҳақиқатгўйлик, компетентлик, оммавий нутқ мазмуни ва шакли учун шахсий масъулият, камтарлик, ўз аудиториясига нисбатан ҳурмат, бошқа нотиқларнинг фикрига эътиборли бўлиш, нутқнинг ўринли бўлиши, мазмуннинг долзарблиги, эҳтиёткорлик (нутқ оқибатларини олдиндан кўра билиш), ишонарлилик, ифодалилик, фикрни қисқа ва лўнда ифода эта олиш, бадиийлик каби хусусиятлар орқали таъриф этилади.

Классик риторикада нотиққа нисбатан қўйилган юқоридаги талаблар “этос” категорияси мазмунини ҳам ташкил этган. Нотиқнинг қайси хусусиятлари устунлигига қараб “этос”, “пафос”, “лоогос” атамалари қўлланилган.

Кейинчалик педагогик риторикада риторик идеал ўқитувчига нисбатан қўлланилган. Идеал сўзининг маъносини таҳлил қилганимизда ҳам луғатларда қуйидагича изоҳ берилади:

- маълум бир ҳодисанинг энг юқори қиймати, энг яхши, тўлиқ ҳолати;

- шахсий фазилатлар, қобилиятлар намунаси;

- шахс ахлоқлиликнинг энг юқори нормаси (шахсий идеал);

- яхши ва муносиб ахлоқлиликнинг юқори даражадаги ифодаси;

- одамлар ўртасидаги муносабатлардаги мукаммаллик (ахлоқий идеал);

- жамиятнинг энг мукаммал тузилиши (ижтимоий идеал).

“Пафос” тушунчаси эса нотиқнинг аудиторияга нисбатан таъсирчан муносабатини ифода этиб, унинг ёрдамида нотиқ ўз тингловчиларида турли хил эмоционал билим, диққат, ният, ҳаракат, ҳақиқатни билишга интилиш каби хусусиятларни тарбиялашни назарда тутади. Риторик пафос ижобий ёки салбий бўлиши мумкин. Ижобий пафосдан нотиқ ўқувчиларда ахлоқий хусусиятлар ва ижодий қобилиятларни шакллантириш, уларни яратувчанлик фаолиятига жалб қилиш мақсадида фойдаланади.

“Логос” – бу нутқ мазмунини ўқувчиларга тушунарли қилиб ифодалаш учун нотиқ томонидан фойдаланалидиган риторик воситалар мажмуи. Фикрни аргументлаш ана шундай воситалар сирасига киради.

Демак, этос – ижобий хислатларга эга бўлган, пафос – тингловчи диққатини қарата олган, логос – тил бирликларидан ўринли фойдалана олган нотиққа нисбатан қўлланилган. Ҳар бир атамани жамлаган шахс идеал ҳисобланади. Педагогик риторикада риторик идеал замонавий нотиқ образига, педагог мулоқоти ва унинг шахсига қўйилаётган талабларда ўз ифодасини топади.

Хуллас, олдимизда янги тафаккур соҳибларини тарбиялашдек масъулиятли вазифа турибди. Aслида риторик идеал – юксак миллий маданиятга эга бўлиш дегани. Миллатни, элни, халқни қадрлаган кишигина унинг маданиятини қадрлайди ва оқибатда ўзи ҳам эъзоз топади.

Дилбар ЎРИНБОЕВА,

филология фанлари доктори, доцент.