Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Руслан Шарипов ижодини Жомбойдан бошлаган эди

Ўтган асрнинг 80 йилларида ўзбек эстрада санъати анча ривожланди. Тошкентда “Ялла” гуруҳи, Самарқандда Насиба Абдуллаеванинг мусиқий жамоаси эл оғзига тушди. Уларга ҳавас қилиб, жомбойлик ёшлар “Суғдиёна” гуруҳини ташкил этишади. Руслан Шарипов гуруҳнинг бастакори ва яккахон хонандаси эди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Руслан Шариповнинг вафоти миллий санъатимиз учун катта йўқотиш бўлди. Халқ артистлари ва таниқли хонандалар билан ўлмас асарлар яратган ижодкор халқимиз қалбидан муносиб жой олганди.

Унда санъатга ҳавас жуда эрта шаклланган. Жомбойлик дўстларининг айтишича, қўшиқ куйлаш учун ҳар куни Самарқанд шаҳридан йўл босиб келар экан.

Маҳалламизда 2507¬ автокарвон бўлар эди. Ташкилот раҳбари Григорий Низкохат ҳайдовчиларнинг маданий ҳордиқ олиши учун барча шароитларни яратиб берган. Алоҳида концерт зали қурилади. Чолғу асбоблари сотиб олинади. Бундан руҳланган ёшлар бирлашиб, эстрада гуруҳини тузишади. Руслан ака 1985¬-1988 йилларда “Суғдиёна”га қўшилган. У гуруҳнинг энг ёш аъзоси бўлгани ҳам эътиборга молик.

Мен ижодкорни устоз сифатида қадрлайман. Биргаликда уч-¬тўртта қўшиқ ҳам ёздик. “Пахта завод” шаҳарчасини эслайсизми? “Суғдиёна” гуруҳи... дейишим билан қувониб кетарди. Шокир, Идрис, Равил, Иброҳим, деб ҳамма дўстларини санаб чиққани эсимда.

Гуруҳ аъзолари татар миллатига мансуб йигитлар эди. Улар 2005 йилда Россия ва Қримга кўчиб кетишди. Ҳозир телефон, интернет орқали суҳбатлашиб турамиз. Дўстининг вафоти улар учун ҳам оғир жудолик бўлди.

“Суғдиёна” гуруҳи Тошкентда ҳам шуҳрат қозониши мумкин эди. Чунки Руслан Шарипов пойтахтда ижод қилиш таклифини дўстларига жуда кўп айтган. Аммо уларнинг фикри бир жойдан чиқмайди. Таклифи рад этилгач, ёш бастакор “Байт” гуруҳини тузади. Кейин “Сетора”, “Болалар” гуруҳи ташкил қилинади.

Кўпчилик уни русийзабон, деб билишар экан. Аслида ундай эмас. Бастакор билан қўшиқ ишлаган санъаткорлар айтиши мумкин. Ўзбек тилини ундан ўрганса, арзийди. Шевамизда “о”лашиш жараёни кучли. Кўшиқ куйлаш пайти “азоб” сўзидаги “а” товушини “о” тарзида айтиб юборардим. Руслан ака дарров сезарди. Овоз ёзишни тўхтатиб, талаффузим устида ишларди. Тўғри айтишни талаб қиларди.

Самарқанд, Бухоро, Хоразмга ижодий сафар қилса, Жомбойда тўхтаб ўтиш одати бор эди.

Аввал телефон қилиб, кўчага чиқишимни тайинлайди. Баъзан шунчаки, ҳол¬аҳвол сўраб ўтади. Бу ижодига доялик қилган жойни бошқача қадрлаганидан бўлса керак.

Мустақилликдан кейин ўзбек мусиқа маданияти қанчалик ривожланди? Бунга санъатшунослар баҳо бергани маъқул. Бизнингча, миллий эстраданинг ўттиз йиллиги сарҳисоб қилинса, Руслан Шарипов номи ҳам юзага чиқади. “Болалар”, “Сетора”, “Хўжа”, “Шаҳзод”... Бу номлар алоҳида мактаб ярата олган ижодкор – Руслан Шарипов сиймоси, унинг хизматларига баҳо бериш учун етарлидир.

Фурқат БАҲРОНОВ,

Деҳқонобод маҳалласи.