Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти Олий судга кассация шикояти берди

2021 йил 16 февраль куни zarnews.uz телеграмм канали ва сайтида «Самарқанд электр тармоқлари корхонасидан тадбиркорларга 400 миллион сўмдан кўпроқ ундириб берилади» сарлавҳали мақола берилган эди.

Мазкур мақола юзасидан шуни маълум қиламизки, “Мurodillo Bobo-N.A.M” фермер хўжалиги даъво ариза билан Самарқанд шаҳар иқтисодий судига мурожаат қилиб, фермер хўжалигига қарашли иссиқхона электр корхонаси томонидан асоссиз равишда 6 соат мобайнида электр энергиясидан узиб қўйилганлиги, бунинг оқибатида иссиқхонада етиштирилаётган помидор ва бодринг экинлари совуқдан музлаб, нобуд бўлганлигини баён қилган. Шу сабабли фермер хўжалиги фойдасига “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамиятидан 832 миллион сўм етказилган зарарни ундиришни сўраган.

Самарқанд шаҳар иқтисодий суди 2020 йил 16 декабрь куни даъвогарнинг даъво аризасини қисман қаноатлантириб, жавобгардан 332 577 500 сўм етказилган моддий зарар ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарган.

2021 йил 18 январь куни “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти томонидан суднинг ҳал қилув қароридан норози бўлиб Самарқанд вилоят иқтисодий судига апелляция шикояти киритилган. 2021 йил 5 февраль куни ушбу иш апелляция инстанциясида қўриб чиқилиб, суднинг 2020 йил 16 декабрдаги ҳал қилув қарори ўзгартиришсиз қолдирилган.

“Kattaqo’rg’on Valijon parranda” масъулияти чекланган жамияти ҳам судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, фермер хўжалигига қарашли иссиқхона электр корхонаси томонидан асоссиз равишда 6 соат мобайнида электр энергиясидан узиб қўйилганлиги оқибатида иссиқхонада етиштирилаётган помидор ва бодринг экинлари совуқдан музлаб, нобуд бўлганлиги натижасида жавобгардан 231 миллион сўм етказилган зарарни ундиришни сўраган.

Самарқанд шаҳар иқтисодий суди 2020 йил 16 декабрь куни даъвогарнинг даъво аризасини қисман қаноатлантириб, жавобгардан 88 миллион сўм етказилган моддий зарар ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарган.

2021 йил 18 январь куни “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти суднинг ҳал қилув қароридан норози бўлиб, Самарқанд вилоят иқтисодий судига апелляция шикояти қиритган ва 2021 йил 10 февраль куни ушбу иш апелляция инстанциясида қўриб чиқилиб, суднинг 2020 йил 16 декабрдаги ҳал қилув қарори ўзгартиришсиз қолдирилган.

Ҳозирда “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти суднинг мазкур қарорлари устидан Олий судга кассация шикояти билан мурожаат қилганини маълум қиламиз.

“Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти ахборот хизмати.