Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда 458 та балиқчилик хўжалиги мавжуд ва уларга қарийб 9 минг гектар сувли майдон ажратилган

Президентимизнинг 2020 йил 29 августдаги ”Балиқчилик тармоғини қўллаб-қувватлаш ва унинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори балиқ маҳсулотини саноат усулида етиштириш, қайта ишлашда тармоқ корхоналари катта имконият яратди. Қарорга асосан балиқ етиштирувчи субъектлар томонидан сув истеъмоли учун тўланадиган солиқ турларида имтиёзлар берилмоқда.

Ҳозирда вилоятимизда 458 та балиқчилик хўжалиги мавжуд ва уларга 8 минг 972 гектар сувли майдон ажратилган. Шундан, 7 минг 479 гектари табиий ва 1493 гектари сунъий сув ҳавзалари ҳисобланади. Жорий йилда вилоят бўйича 30 минг тонна балиқ етиштириш, 45 миллиард 445 миллион сўмлик 30 та лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган. Режадаги 3 та лойиҳанинг фаолият бошлаши эвазига 8 та янги иш ўрни яратилди.

Жумладан, Самарқанд туманидаги “AGRO LINE SB” кўп тармоқли фермер хўжалиги қошида 11 гектар ер майдонида 35Х5 ҳажмдаги 7 та ҳамда 20 та ёпиқ усулдаги сув ҳавзалари ташкил этилди. Айни кунларда бу ерда 14 минг дона балиқ чавоқлари боқилмоқда.

Ёпиқ усулдаги сув ҳавзаларида четдан келтириладиган балиқ чавоқлари боқилади ва Туркия, Россия давлатларининг замонавий ускуналарини ўрнатиш мўлжалланган. Бундан ташқари, 500 миллион сўмлик кредит маблағи эвазига сувда кислород миқдорини таъминлашга хизмат қилувчи замонавий ускуна харид қилиш юзасидан ишлар олиб борилмоқда.

Ургут ва Каттақўрғон туманларидаги балиқчилик хўжаликларига ажратилган сув ҳавзаларига 260 та, Иштихон туманида эса 200 та қафас (садок) ўрнатиш, Тойлоқ туманида 4 та, Каттақўрғон, Оқдарё ва Самарқанд туманларида 1 тадан ҳамда Паст Дарғом туманида 2 та, жами 9 та ёпиқ сув айланма тизими (УЗВ) қуриш режалаштирилган.

Шунингдек, жорий йилда Пайариқ туманида балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ва омухта ем ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилади.

Агроинспекциянинг вилоят бошқармаси ахборот хизмати.