Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда 6761 та ҳолатда давлат хизматлари кўрсатиш муддатлари бузилгани аниқланди

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг жойлардаги давлат хизматлари марказлари "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак" деган ғоя асосида халқимизга хизмат кўрсатмоқда. Дастлаб ташкил этилган вақтда жисмоний ва юридик шахсларга 30 турдаги давлат хизматларини кўрсатган марказларда бугунга келиб хизматлар сони 150 га яқинлашди. Ортиқча қоғозбозлик, вақт ва маблағ йўқотилишига чек қўйилди.

  – Бугунги кунда вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида давлат хизматлари марказлари учун замонавий ва инновацион бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилди, – дейди Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи М.Қурбонов. – Шунингдек, Президентининг 2020 йилнинг 31 январда қабул қилинган “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида туман, шаҳар марказларидан олис ҳудудларда давлат хизматлари марказларининг шохобча (филиал)лари ташкил этилди. Шу пайтгача вилоятимизнинг 6 ҳудуди, яъни Қўшработ туманининг Жонбулоқ, Нуробод туманининг Саҳоба, Паст Дарғомнинг Олти қаҳрамон, Самарқанд туманидаги Қайнама, Каттақўрғон шаҳрининг Ингичка ҳамда Ургут туманидаги Жартепа массивларида шундай филиаллар фаолияти йўлга қўйилди. Йил давомида марказларимиз ва уларнинг филиаллари орқали 662 мингга яқин давлат хизматлари кўрсатилди. Хусусан, 24 747 тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди.

Бугунги кунда давлат хизматлари марказлари ходимлари фуқароларга фақат ўз иш жойларида эмас, олис ва чекка ҳудудларда ҳам бўлиб, сайёр (мобиль) хизмат кўрсатиб келмоқда. Биргина 2020 йил давомида ходимларимиз ҳудудларда 9900 дан ортиқ давлат хизмати кўрсатди.

Маълумотларга кўра, бошқарманинг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилиши устидан назорат қилиш бўлими томонидан ўтказилган мониторинг натижасида давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида 7702 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Бундан ташқари, 2020 йилда 6 та ваколатли органнинг жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолияти ўрганилиб, 19 тасининг фаолияти мониторинг қилинди.

Ўтказилган текширишлар, мониторинглар ва давлат хизматлари марказлари орқали юборилган электрон махсус хабарларни ўрганиш натижалари бўйича ваколатли органлар томонидан давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида 7702 та қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Хусусан, 6761 та ҳолатда давлат хизматлари кўрсатиш муддатлари бузилган, 185 та ҳолатда тўғридан-тўғри давлат хизматлари кўрсатилган, 67 та ҳолатда ортиқча ҳужжат талаб қилинган, 148  ҳолатда мурожаатлар асоссиз рад этилган. Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича ваколатли идораларнинг раҳбарлари номига 74 та тақдимнома ва 382 та огоҳномалар киритилди. Шунингдек, 425 нафар айбдор шахслар маъмурий жавобгарликка ва 74 нафари интизомий жавобгарликка тортилди.