Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда солиқчиларга САЙТ дастури юкланган 180 та “P2-SUNMI” қурилмаси тарқатилди

Мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар доирасида солиқ тизимига замонавий технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, солиқларни ақлли йиғиш тизими – САЙТ дастури юкланган қурилмалар амалиётга татбиқ қилингани фикримизнинг ёрқин тасдиғидир.

Ушбу қурилма қандай афзалликларга эга? Юртдошларимиз солиқларни ҳудудларга бириктирилган масъул ходимлар ихтиёридаги САЙТ дастури юкланган қурилмалар орқали давлат солиқ инспекциясига бормасдан, уйда тўлаши мумкин. Шунингдек, тўловлар нақд пул ёки пластик карточка орқали амалга оширилади. Муҳими, барчамиз учун муҳим саналган вақт тежалади.

- Самарқанд вилояти давлат солиқ хизмати органларининг масъул ходимларига САЙТ дастури юкланган 180 та “P2-SUNMI” қурилмаси тарқатилди, – дейди Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Дилшод Зайниев. – Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг ишчи гуруҳи томонидан қурилмадан фойдаланиш бўйича амалий семинар ўтказилди. Таъкидлаш жоизки, ушбу қурилма солиқларни тўлашда фуқаролар учун қулайликлар яратмоқда. Бундан ташқари, иш ҳажми самарадорлигига эришиш имконини ҳам бермоқда.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати.