Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда “Ветеринария ва чорвачиликни 2018-2021 йилларда ривожлантириш истиқболлари” муҳокама этилди

Самарқанд ветеринария медицинаси институтида “Ветеринария ва чорвачиликни 2018-2021 йилларда ривожлантириш истиқболлари” мавзуида ўқув-семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда мамлакатимизда ветеринария соҳасини ва чорвачилик тармоқларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, соҳага илмий асосланган инновацион ишланмалар натижаларини жорий этиш, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, ветеринария сервис сифатини ошириш, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, соҳа учун кадрлар тайёрлаш ҳамда мутахассисларнинг иш услубларини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида сўз борди.

- Юртимиз аҳолисининг асосий озиқ-овқат товарлари, аввало гўшт, сут ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи 1990 йилда импорт ҳисобидан қопланган бўлса, ҳозирги вақтда уларнинг 96 фоизи мамлакатимизда ишлаб чиқарилмоқда. Бунинг натижасида ўтган даврда аҳоли жон бошига гўшт истеъмоли 1,4 баробар, сут ва сут маҳсулотлари – 1,5 карра кўпайганлигини қайд этиш лозим. Бу кўрсаткичлар мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг мустаҳкам пойдеворидир, - деди Ўзбекистон Республикаси ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиснинг биринчи ўринбосари Шуҳрат Жабборов - Ҳаракатлар стратегияси доирасида республикада қорамоллар бош сонини 13.367 минг бошга, қўй ва эчкилар бош сонини 22.577 минг бошга ва паррандалар бош сонини 85.616 минг бошга, тирик вазнда гўшт етиштиришни 2.556 минг тоннага, сутни 11.076 минг тоннага, тухумни 7.728 млн. донага ва балиқ овлашни 201,5 минг тоннага етказиш, 13 та паррандачилик кластерлари ташкил этиш тадбирлари доирасида паррандачилик йўналишида 199 та лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда мавжуд ва янги ташкил этилаётган паррандачилик фермаларини тўла қийматли озуқа билан таъминлаш мақсадида талаб этиладиган озуқа ер майдонларини ажратиш бўйича   чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Шу билан бир қаторда, депутатлар соҳада алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлган айрим масалаларга тўхталиб, жумладан, қонунчилик базасини такомиллаштириш, мамлакат ҳудудларини ҳайвонларнинг юқумли касалликлари кириб келишидан ҳимоя қилишни таъминлаш, амалиётга ҳайвонларни даволашнинг ва профилактикасининг замонавий усулларини жорий этиш, маҳаллий ва хорижий фан ютуқларини татбиқ этиш асосида ветеринария дори воситаларининг янги турлари ва шаклларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш, соҳа кадрларини тизимли тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни ташкил этиш масалалари юзасидан фикрлар билдирдилар.

Тадбир сўнгида билдирилган таклифлар асосида Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг тегишли тавсиялари ишлаб чиқилди.