Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандга “тош отманг”!

Кейинги пайтларда вилоят ва республикамизнинг айрим нашрларида  Самарқанд шаҳридаги баъзи маданий мерос, яъни архитектура объектлари бузилиб юборилаётганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Бу хабар ва маълумотларни тарқатаётганлар билиб-билмай нафақат дунёнинг энг кўҳна ва машҳур шаҳарларидан бири ҳисобланган Самарқанд шаҳри, балки республикамиз шаънига ҳам доғ туширмоқда. Улар бу ҳаракати билан гўё тарихий меросни ва Ватанини севувчи, ўзини бошқалардан кўра ватанпарварроқ қилиб кўрсатишга уринмоқдалар.

Аслида улар ўша архитектура ёдгорлиги деб ёзган объектлар Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлиги томонидан маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш маданий объектлар эксперт комиссиясининг хулосасига асосан давлат муҳофазаси рўйхатидан чиқарилганини назардан четда қолдирганлигини билармикан? Ана шундай объектлардан бири шаҳарнинг Амир Темур кўчасидаги 14-нотурар-жой биноси бўлиб, у Самарқанд давлат тиббиёт институти ҳудудига ёндош ҳолда жойлашган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 27-28 август ва 2 сентябрь кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириғи асосида Самарқанд давлат тиббиёт институтининг моддий-техник ва ўқув клиник амалиёти лабораториялари базасини ривожлантириш мақсадида амалга оширилиши режалаштирилган қурилишларга халақит берганлиги сабабли ушбу нотурар-жой биноси бузилишга тушган. Бу бузилиш мутасадди ташкилотлар билан келишилган ҳолда амалга оширилган. Ўтмишда қурилган ҳар бир объектни ҳам маданий ёдгорлик сифатида талқин этиш мантиққа мос келмайдиган ишдир. Меъморий ёдгорлик – бу, одатда, аждодларимиз томонидан  ўтмишда муайян мақсадда қурилган, аниқ тарихий, моддий функциявий ва меъморий-бадиий қимматларга эга бўлган меъморий объект тушунилади. Чунки бундай объектлар халқ ва миллатнинг ўша давр меъморий маданиятини ўзида ифода этувчи моддий тарихий “ҳужжат”дир.

Агар у ўтмишда қурилган тарихий объект бўлса-ю, қолган мезонларни қаноатлантирмаса, меъморий ёдгорлик мавқеига эга бўла олмайди. Агар объект ҳақиқатан ҳам ўтмишда қурилган бўлиб, даставвал юқоридаги мезонларни ўзида акс эттирган бўлса, у тарихий мерос объекти  сифатида давлат муҳофазасига олинган бўлиши мумкин. Бироқ, вақт ўтиши билан муайян объектив ва субъектив сабабларга кўра мазкур объект бузилиб, вайрона ҳолатига тушиб, уни ёдгорлик сифатида тан олиш мумкин бўлган қимматларини йўқотган бўлса, объект давлат муҳофазасидан чиқарилади. Археологик объектлар ва ёдгорликлар эса бундан мустасно, албатта.

“Самарқанд шаҳрида бузилиб юбориляпти”, деб айтилаётган тарихий объектлар айнан шундай, яъни аввал рўйхатда туриб, сўнгра турли хил сабабларга кўра объект қисман бузилиб ёки ўзгартирилиб юборилган ва натижада ёдгорлик сифатидаги қимматларини йўқотган объектлардир.

Менимча, ишнинг асл моҳиятини тушунмасдан туриб қилинган бундай чиқишларнинг ўрнига Самарқанд шаҳри меъморий ва шаҳарсозлик ёдгорликларида олиб борилган ва бажарилаётган таъмир ишлари ҳақида ёки шаҳримиз бўйлаб амалга оширилаётган кенг бунёдкорликлар ҳақида ёзилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Юқоридаги ёдгорликлар ҳақидаги маълумотларсиз ҳам Самарқанд шаҳрида замонавий қурилишлар билан боғлиқ баъзи камчиликлар (тарихий муҳит муҳофазасини эътиборга олмаслик, тарихий муҳит зонасида биноларни баланд қилиб қуриш ва бошқалар) туфайли эл-юртга шарманда ва ЮНЕСКОга нишона бўлиб турган бир пайтда, ўйламасдан “ўлганнинг устига тепган” қабилида иш юритиш “ватанпарвар”лар учун ҳам обрў олиб келмайди.

Мен бу билан шаҳар ижтимоий ҳаёти ва маданий мерос объектларида юз бераётган камчиликлар ва нохушликлар ҳақида ёзмаслик керак демоқчи эмасман. Ёзиш керак, фақат етти ўлчаб бир кесиб, ҳақиқатни ёзиш керак. Масалан, Амир Темур томонидан унинг арк-калъаси ҳудудида қалъа деворига ёндош қурилган Нуриддин Басир мақбараси рус чоризми офицерлари томонидан атайин портлатиб юборилган. Ушбу тирихий объектнинг пойдеворлари ва қурилган жойи аниқ. У портлатишдан олдин тўлиқ “обмер” қилиниб, чизма ишланган ва бу чизмалар (тарҳи ва қирқим, умумий кўриниши қисман) бизгача сақланиб қолган. Бу объектнинг Самарқанд шаҳридаги меъморий аҳамияти ва маҳобати “Гўри Амир”дан кам бўлмаган.

Ушбу объектни ўз жойига аслидек қилиб қайта тиклаш масаласи вилоят ҳокимлиги туризмни ривожлантириш бўлимида қўллаб-қувватланган. Агар объектни қайта тиклаш учун мукаммал лойиҳа ишланиб, маблағ топилиб, у қайта тикланса нима бўлади? Тикланган объект Темурийлар даври меъморий ёдгорлиги деб тан олинадими? Менимча, йўқ. Чунки унда, юқорида келтирганимиздек, тарихийлик мезони етишмайди. Бундай объектлар ЮНЕСКО томонидан тарихий мерос объекти тарзида тан олинмайди. Бироқ, у миллий анъаналаримиз асосида аслига ўхшатиб тикланса, уни халқимиз тан олади. Чунки, бу иш шу замин, макон ва замона яшаётган халқнинг хоҳиши, иродасининг ифодаси бўлади.

Имом Бухорий мажмуасидаги буюк аллома мозори устига қурилган асл мақбара шўролар даврида харобага айланиб, йўқ бўлиб кетгач, у ҳам қайта тикланди ва ҳозир ёдгорлик сифатида тан олинмоқда. Бунга ЮНЕСКОнинг эътирози йўқ. Демак, Нуриддин Басир мақбараси қайта тикланса вақти-соати  келиб, у ҳам меъморий мерос объекти сифатида тан олинадими?

Ёки бошқа бир мисол. Амир Темурнинг Самарқанддаги арк-қалъасининг бош дарвозаси ва унга туташган мудофаа деворларининг бир қисмини ўз  жойига қайта тиклаш лойиҳавий таклифи ҳам СамДАҚИ мутахассислари томонидан илгари сурилган. Агар бу иш рисоладагидек қилиб амалга оширилса нима бўлади? У меъморий ва тарихий шаҳарсозлик меросий объекти тарзида тан олинадими?! Шаҳрисабзда шаҳарнинг йўқ бўлиб кетган Темурийлар даври тарихий деворлари ва дарвозаси қайта тикланди-ку. “Бибихоним” жоме масжиди ҳовлисининг тўрида жойлашган баланд мақсуранинг аҳволи қандай эди? Ёки Регистон майдонидаги Тиллакори масжид-мадрасаси ёнида ер қаърига кўмилиб ётган тарихий ҳаммомнинг очилиши, Панжикент кўчасининг Қарши йўлига чиққанча масофадаги ижобий ўзгаришлар ҳақида нега ёзмаймиз.

Келинглар, шулар ҳақида ўйлайлик, ёзайлик, бир фикрга келайлик. Самарқанд шаҳри халқимиз, миллатимиз довруғини бутун дунёга таратган, минг-минг йиллик тарихга эга бўлган илоҳий маконимиздир. Шундай экан, билиб-билмай унинг шаънига “тош отавермайлик”. Унга муносиб бўлайлик!

Аҳтам Ўролов,

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти профессори, меъморчилик фанлари доктори.