Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандлик атлетларимиз ўн икки медалга эга чиқди

Самарқанд ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатининг тўрт нафар оғир атлетикачиси яқинда Шимолий Кореянинг Пхеньян шаҳрида ўтказилган оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва катталар ўртасидаги Осиё чемпионатида ғалаба қозонди.

Жумладан, Дониёр Ҳамидов беллашувнинг даст ва силтаб кўтариш йўналишида 3 та олтин ва 1 та бронзани қўлга киритган бўлса, Азимжон Ҳожиев мусобақада 3 олтинга эга чиқди. Оғабек Тўхтаев 1 тадан олтин, кумуш ва бронза медаллари билан тақдирланди. Ҳожиакбар Олимов 2 та бронза медалини олиб келди.

Бугун чемпионларни табриклаш учун мактаб-интернатида тадбир ташкил этилди. Унда спорт фахрийлари, ғолиб бўлган спортчилар ота-оналари, мактаб-интернати тарбияланувчилари қатнашиб уларни мусобақа жараёнлари билан ўртоқлашди.

– Спортчиларимизнинг ютуғи кейинги пайтдаги энг каттаси бўлди, – дейди вилоят оғир атлетика федерацияси ижрочи директори Ғайрат Толибов. – Энг муҳими, бу ғалаба шогирдларимизга 2020 йил Токиода бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритиш учун рейтинг балларини беради. Тадбир якунида мактаб-интернат маъмурияти томонидан ўқитувчи ва мураббийларга ташаккурномалар берилди.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.