Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

СамДУ профессори форс-тожик адабиёти ижодкорлари асарларидаги комил инсон талқинини таҳлил қилди

«Ҳайрат ул-аброр» достонининг Абдураҳмон Жомийга бaғишлaнгaн бобида хабар берилишича, Алишер Навоий устози ва пири муршиди Жомий уйида илму адаб аҳли йиғинида иштирок этади. Абдураҳмон Жомий суҳбат асносида «Хамса»чилик анъаналари, Низомий ва Амир Хусрав «Хамса»лари хусусида фикр билдириб, жавобия айтиш қоидалари, одоби ҳақида ҳам гапиради, бу ишнинг мушкуллигини таъкидлайди. Ўтирганлар Низомий Ганжавий ва Хусрав Деҳлавий «Хамса»ларининг ҳар бирига хос фазилат ва хусусият ҳақида суҳбатлашади, айниқса «Хамсатайн»нинг биринчи достонлари «Маҳзан ул-асрор» ва «Матлаъ ул-анвор»ни таърифлаб тилга олади. Бу фикр-ўй соҳиби Абдураҳмон Жомийга ҳам маъқул тушади.

Жомий тилидан:

Гавҳаре йўқ «Маҳзанул-асрор»дек,

Ахтаре йўқ «Матлаъ ул-анвор»дек.

Яъни, “Низомий гавҳари бемисл бир гавҳар бўлса, Хусрав асари порлаб турган юлдуздек”.

Ушбу парча ўзбек мумтоз адабиёти ва Алишер Навоий ижодининг мамлакатимиз ва минтақамиздаги таниқли тадқиқотчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, филология фанлари доктори, профессор Муслиҳиддин Муҳиддиновнинг “Форс-тожик шоирлари ижодида комил инсон талқини” китобидан олинди. Рисола таниқли адабиётшунос олим С.Олимов масъул муҳаррирлигида СамДУ нашриётида чоп этилган.

Китоб форс-тожик адабиётининг уч забардаст шоири – хамсачилик кашшофи Низомий Ганжавий, ҳинд сўз сеҳргари Хусрав Деҳлавий ва буюк сўз устаси Абдураҳмон Жомийнинг “Хамса” туркумидаги биринчи достонларида комил инсон талқинига бағишланган.

Асар муқаддима, “Улуғ шоирлар ижодида инсон талқини”, “Ҳазрати Пайғамбар сиймоси тасвири”, “Достонларда кўнгил тимсоли”, “Валийлар ва орифлар сиймоси”, “Инсон ахлоқи тасвири”, “Инсон ва адолат масаласи”, “Сўз фазилати”, “Ишқ таърифида”, “Одамийлик ва ноодамийлик талқини”, хулоса ва адабиётлар рўйхатидан иборат.

 Китобда уч даҳонинг ўзига хос дунёқараши, Яратувчи, олам ва одам, инсонийликнинг, ахлоқнинг бош хусусиятлари, дунёнинг бевафолиги, комил инсоннинг фазилатлари ҳақидаги қарашлари қиёсан ўрганилган. Монографиядаги ҳар бир масала уч гигант шоир қарашлари асосида қиёсланган.

Маълумки, буюк Навоий ҳар уч ижодкорни бирдай ардоқлаган, асарларига бирдай мурожаат этган, ўзининг ўлмас “Хамса”сини ёзишда уларга таянган. Уларнинг бирига адабиёт оламининг шери, бирига йўлбарси, бирига эса фили деб баҳо берган.

Ушбу монографияда Шарқ мумтоз шеъриятида жуда катта ўрин тутган хамсанавислик анъаналари қаламга олинар экан, уч буюк даҳо – Низомий Ганжавийнинг “Маҳзан ул-асрор”, Амир Хусрав Деҳлавийнинг “Матлаъ ул-анвор”, Абдураҳмон Жомийнинг “Туҳфат ул-аҳрор” достонларида комил инсон масаласи қиёсий таҳлил қилинган. Ҳолбуки, комил инсон образи тасаввуфий адабиётнинг марказий мавзуларидан бири бўлиб, Шарқ ижодкорлари ўзларининг энг сара асарларини ушбу мавзуни ёритишга бағишлаган. Юқорида тилга олинган достонларда комил инсон талқини мавзунинг марказига қўйилган ҳолда мазкур уч ижодкорнинг ўхшаш ва фарқли томонлари теран ёритиб берилган.

Китобда қайд этилганидек, Низомий Ганжавий, Амир Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомийларнинг одамнинг яратилиши, хилқати ва ахлоқий-ижтимоий вазифалари ҳақидаги қарашлари ислом ақидалари асосида шаклланган. Адабиётдаги асосий тушунчалар каби инсон концепцияси ҳам замонлар ўтиши билан ўзгариб турган. Аммо одамийлик ва ноодамийлик тушунчаларини ажратиб турувчи аниқ қоидалар бор. Бу Шарқ мутафаккирлари томонидан қайта-қайта мурожаат этиладиган, асарларининг бош ғоясини ўзида ифодалайдиган фазилатлар иймон, вафо, ҳаё, саховат, адаб, ростгўйлик, илм, камолотга интилиш одамийликнинг белгилари сифатида келтирилган бўлса, уларнинг зидди ноодамийликни мазаммат этишга сабаб бўлган.

Монографиядаги таҳлиллар бу даҳоларнинг инсон масаласига ёндашувлари, улар илгари сурган тамойиллар ва ғоялар бугун ҳам ўз долзарблигини йўқотмаганини кўрсатади.

Форс-тожик адабиётидаги комил инсон образининг қиёсий тадқиқига бағишланган ушбу асар кўп йиллик синчков тадқиқотларининг самараси ўлароқ пайдо бўлди. Мазкур китоб талабаларга форс-тожик мумтоз асарларини ўқитишда ва бу адабиётга қизиқувчиларга фойдаси тегади деб ўйлаймиз.

Жўлибой ЭЛТАЗАРОВ,

профессор.

Машҳура ҲАСАНОВА,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори.