Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Санъаткор учун тўй ҳам саҳна

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда санъаткорлар (хонанда, созанда, раққоса, бошловчи, сўз устаси, фотограф ва бошқалар) қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома асосида хизмат кўрсатади. Улар фаолиятини лицензиялаш масаласида бир қатор қулайликлар яратилмоқда. Шунингдек, санъаткорлар энди 12 фоиз даромад солиғи тўлайди.

Тўй-ҳашамларни тартибга солиш ҳақидаги Сенат ва Қонунчилик палатасининг қўшма қарори ижросини таъминлаш масалаларига бағишлаб вилоят ҳокимлигида ўтказилган тадбирда шу ҳақда сўз борди.

Унда “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси вакиллари, вилоят маданият бошқармаси, шаҳар ва туман маданият бўлимлари ходимлари, санъаткорлар иштирок этди.

- Тўй ҳам санъаткор учун саҳна вазифасини ўтайди, - дейди “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси концерт-томошалар фаолиятини лицензиялаш бўлими мутахассиси Э.Ҳакимов. – У хонанда бўладими, созандами, раққосами саҳна маданияти деган тушунчани ҳис қилган ҳолда тўй-маросимларда хизмат қилиши талаб этилади. Кейинги вақтларда санъаткорларимизни қийнаб келаётган муаммолар ҳам ўрганилиб, улар учун енгилликлар яратилмоқда. Жумладан, лицензия учун тўланадиган давлат божи 4 бараварга камайтирилди.

Шунингдек, тадбирда санъаткорлар томонидан тўйларда айтилаётган қўшиқларнинг савиясига эътибор қаратиш, жонли ижрода куйлай оладиган истеъдод эгаларини излаб топиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Тўлқин СИДДИҚОВ.