Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сайёр қабул чоғида 12 киши жазодан озод қилинди

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 11 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Бахтиёр Исаков ҳамда Олий суд судьялари Жомбой ва Самарқанд туманларидаги Халқ қабулхоналарида оммавий сайёр қабуллар ўтказди.

Аҳолининг турли қатламлари билан тўғридан-тўғри мулоқотни кенгайтириш, мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни бевосита жойида бартараф этиш юзасидан аниқ ва тезкор чораларни кўриш мақсадида ўтказилган қабулларда 200 дан ортиқ жисмоний ва юридик шахслар иштирок этди.

Қабуллар жараёнида қайд этилган 57 мурожаатнинг 27 таси жойида қаноатлантирилди, 16 таси бўйича асосли тушунтириш берилди ва 14 таси назоратга олиниб, ижрога йўналтирилди.

Мурожаатлар асосида 12 нафар фуқаро жазодан шартли равишда озод қилинди, яна 12 кишига тайинланган жазо енгилроғига алмаштирилди.

  Жумладан, фуқаро А.Собиров 2018 йил 4 декабрь куни ISUZU автотранспорт воситасини Ургут тумани Мерганча маҳалласи ҳудудида бошқариб келаётиб, йўл ҳаракати қоидаларининг бир қатор бандлари талабларини бузиши оқибатида пиёда О.Ҳамидовни уриб юборади. Йўловчи оғир тан жароҳати оқибатида вафот этади.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судидан маълум қилишларича, мазкур ҳолат юзасидан очилган жиноят иши асосида суд А.Собировни 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этган.

Жиноят иши апелляция инстанциясида кўрилганда жабрланувчи судланувчига нисбатан бўлган даъвосидан воз кечгани, уни қамоқдан чиқаришни сўрагани ва бошқа омиллар ҳисобга олиниб, А.Собировга озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланиб, қамоқдан озод қилинди.