Сайёр қабул сабоқлари: Аниқ ва узоқ муддатли режа йўқ
Вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг навбатдаги қабули 19 сентябрь куни Паст Дарғом туманида бўлиб ўтди. Қабул давомида 450 дан кўпроқ фуқаролар турли масалалар бўйича вилоятнинг сектор раҳбарларига мурожаат қилди.
Таҳлилларга кўра, асосан уй-жой билан таъминлаш, моддий ёрдам, даволанишда кўмак ҳамда ичимлик суви масалаларида мурожаатлар бўлди. Иш сўраган, интернет хизматлари сифатидан норози бўлганлар ҳам вилоят ҳокими қабулига келган. Албатта, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш ва зарур қарор қабул қилиш учун мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Аниқ ва узоқ муддатли режа йўқми?
Шу ўринда кишини бир ўй қийнайди: ҳар бир сайёр қабулда электр тармоқларининг маънан эскирган симёғочларини янги, замонавийсига алмаштириш бўйича ўнлаб мурожаатлар қайд этилмоқда. Нега мутасаддилар бу борада аниқ режа, дастур ишлаб чиқиб, жорий йилнинг якунига қадар фалон туманнинг мана бу маҳаллаларидаги шунча симёғоч янгиланади, деган ахборотни бутун жамоатчиликка маълум қилмайди? Бундай ахборотда келгуси йилда бу иш фалон ҳудудларда амалга оширилади, дейилса мутасаддилар қабулда беҳуда вақт йўқотмаган бўлармиди? Мавжуд имкониятдан келиб чиқиб, чириб бўлган симёғочларни алмаштиришни 20... йилда якунлаймиз, деган аниқ маълумот бўлса, одамлар ҳам ҳуда-беҳуда вилоят ҳокимининг вақтини олмаган, мурожаат қилиш эмас, назорат билан шуғулланган бўлармиди?!
Ўзи умуман, қабуллар якунига ҳеч бўлмаганда туман бўйича алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, соҳалар кесимида аниқ ва узоқ муддатли режалар тузиб олинса, мақсадга мувофиқ эмасми?!
Давлат хизматчиси халққа хизмат қилсин
Сайёр қабул ўзини ҳурмат қилган, озгина мушоҳада юритадиган раҳбарлар ва масъуллар учун яхшигина сабоқ бўлди. Негаки, маҳалладаги ичимлик суви ёки бошқа кўпчилик манфаатини ифодаловчи мурожаатларда вилоят ҳокими маҳалла раисини чақиртирди. Муаммо ёки масаладан хабари бор ёки йўқлиги билан қизиқди. Бу борада тумандаги мутасаддилар ёки сектор раҳбарларига нега мурожаат қилмаганини сўради.
Сайёр қабул давомида тўрачилик, бюрократик тўсиқларга учраган фуқароларнинг дардини тинглаган вилоят ҳокими вилоят прокуратурасидан масъуллар ишига ҳуқуқий баҳо беришни сўради. Хусусан, ўз иши, эгаллаб турган лавозим мажбуриятларини лозим даражада бажармаётган 10 га яқин масъулиятсиз мутасаддиларга нисбатан маъмурий чора кўриш таклиф қилинди.
“Ишга кирмоқчи эдим”
Паст Дарғом туманида ўтказилган сайёр қабулда ҳам бошқа ҳудудларда бўлгани каби ишга кириш масаласида мурожаат қилганлар анчагина бўлди. Албатта, бу мурожаатлар бўйича вилоят ҳокими тегишли идораларга зарур топшириқларни берди. Ишга жойлаштириш адолатли, энг муҳими тўланадиган ҳақ қониқарли даражада бўлиши зарурлигини таъкидлади.
Шу ўринда бир гап. Ёдингизда бўлса, вилоят ҳокими йил бошида ҳам тиббиёт ташкилотларига ходимларни ишга олишда 0.25-0.5 ставкалардан воз кечиш кераклиги, қабул навбат асосида, адолатли йўлга қўйилиши кераклигини қайд қилганди. Бу гал ҳам туман тиббиёт бирлашмаси фаолияти мисолида ушбу масала кўтарилди ва мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.