Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сенатнинг 24-ялпи мажлисида Самарқанд шаҳри ва Самарқанд тумани чегараларини ўзгартириш ҳамда бошқа масалалар кўриб чиқилади

Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси 30 ноябрь куни чақирилади.

Юқори палата ахборот хизмати хабарига кўра, ялпи мажлисда даставвал мамлакат тарихида илк бор қабул қилинган “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинади. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги, “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонунлар кўриб чиқилади.

Ялпи мажлис кун тартиби доирасида “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурининг 2019 йил учинчи чорагидаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилади.

Бундан ташқари, сенаторлар тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиби такомиллаштирилиши, бола ҳуқуқларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга қаратилган қонунларни кўриб чиқади.

Шунингдек, Самарқанд шаҳри ва Самарқанд тумани чегараларини ўзгартириш ҳамда бошқа масалалар ҳам мажлис кун тартибига киритилган.

Сенаторлар Вазирлар Маҳкамасига давлат божхона хизмати органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати, арзон уй-жой қурилиши, газ, электр таъминоти билан боғлиқ парламент сўровлари юбориш масалаларини ҳам муҳокама қиладилар.