Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Швейцариялик тадбиркорлар Пахтачида замонавий корхона ташкил этмоқда

Самарқанд шаҳрида вилоят ҳокимининг ўринбосари О.Хўжаев, вилоят инвестиция ва ташқи савдо бошқармаси мутахассислари, тадбиркорлар ҳамда Швейцариянинг "PariSA" компанияси вакиллари иштирокида видеоконференция бўлиб ўтди.

2019 йил 22-23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Invest in Samarkand” I халқаро инвестицион форумида вилоят ҳокимлиги ҳамда "PariSA" корхонаси ўртасида меморандум имзоланган, унга кўра швейцариялик тадбиркорлар ташаббуси билан Пахтачи туманида “REGISTON-SHERDOR” хорижий корхонаси ташкил этилган эди. Видеоконференцияда ушбу меморандумда келишилган юмушларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.

- Ташкил этилган корхонамизда ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган маҳсулотлар саноат ва тоғ-кон саноати учун жуда зарур восита саналади, - дейди масъулияти чекланган жамият шаклидаги “REGISTON-SHERDOR”  хорижий корхонаси ижрочи директори Дагар Шукуров. – Лойиҳанинг умумий қиймати 450 миллион АҚШ долларини ташкил этади, 1000 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Швейцариялик ҳамкорларимиз билан амалга оширилган келишувга кўра, улар бошланғич молиялаштириш маблағлари учун 150 минг АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритди. Туман ҳокимлиги эса туман ҳудудидан 80 гектар ер майдони ажратди. Июнь ойидан қурилиш ишларига киришамиз.