Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тадбиркорлар 1 сентябргача мол-мулк ва ер солиғи тўламайди

Президентимиз 2020 йил 18 май куни «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни қабул қилди.

Унга кўра, 2020 йил 1 июндан 1 сентябргача қуйидагилар мол-мулк ва ер солиғи тўлашдан озод этилади:

- кичик тадбиркорлик субъектлари;

- бозорлар ва савдо комплекслари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш корхоналари, жамоат транспорти корхоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари;

- йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш, биноларни, шу жумладан, банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар.

* Кичик тадбиркорлик субъектларига Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонларига мувофиқ, апрель-май ойлари учун тақдим этилган, мол-мулк ва ер солиғининг фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) суммаларидан; 2020 йил 1 январдан бошлаб 2020 йил 15 майгача бўлган муддатда ер ва мол-мулк солиғи бўйича ҳисобланган пеня ва жарималардан воз кечилади.

* Тадбиркорлар учун товарлар, ишлар, хизматларни олиб киришда қўшилган қиймат солиғини тўлашда 120 кунгача кечиктириш ҳуқуқи берилди.

* 2020 йил 1 майдан 1 июлгача микрофирмалар ва кичик корхоналар учун, бунда устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган давлат корхоналари ва юридик шахслардан ташқари ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизгача пасайтирилди.

* Микрофирма ва кичик корхоналарнинг айланма маблағлари камайишининг олдини олиш мақсадида 2020 йил 15 май ҳолатига солиқ қарзлари ва солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун пеня ва ҳисобланган жарималар бўйича қарздорликларини ундириш 2020 йил 1 сентябргача тўхтатилади.

* Давлат солиқ хизмати органлари 2020 йил 15 май ҳолатига тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ўтказиш ва ечиб олиш бўйича инкассо топшириқномаларини қайтариб олади.

* Солиқ тўловчилар 15 май ҳолатига бажарилмаган солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича тўлов топшириқномаларини қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлди.

* 1 июндан бошлаб қўшимча равишда 14 ёшгача фарзанди бўлган, 2 ёшгача бола парвариши учун ва моддий ёрдам олувчи оилаларга ажратиладиган ижтимоий ёрдам пуллари олувчилар 10 фоизга оширилади.