Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Тадбиркорни ҳомийликка мажбурлама!”

Адлия вазирлиги Huquqiy axborot канали орқали шу номда акция эълон қилди.

Хабарингиз бор, айни кунларда Адлия вазирлиги томонидан “Адлия тадбиркорга дўст” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Мазкур лойиҳа доирасида “Тадбиркорни ҳомийликка мажбурлама!” шиори остида тадбиркорларни ноқонуний ҳомийлик ишларига жалб қилишга қарши акция эълон қилинди. Ушбу акция октябрь ойи давомида ўтказилади.

Акция доирасида ижтимоий тармоқлар орқали ҳамда ҳудудий адлия органлари томонидан республиканинг барча ҳудудларида сўровлар ўтказиш, шунингдек, ноқонуний ҳомийликнинг барча кўринишларига қарши зарур чора-тадбирларни кўриш режалаштирилган.

Шунингдек, ушбу акция орқали тадбиркорлик субъектларини ҳомийлик ва хайрия ёрдами кўрсатиш ишларига мажбурий жалб қилиш, уларга нисбатан маъмурий ва бошқа чораларни қўллаш таҳдиди остида йиғилишлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш ҳолатларини аниқлаш бўйича сўровлар ўтказилади.

Сўровномада аноним равишда ёки шахсингизни кўрсатган ҳолда иштирок этишингиз мумкин.

Шахсини кўрсатган иштирокчиларнинг тадбиркорлик ҳуқуқларини тиклаш юзасидан зарур чоралар кўрилади.

Сўровномада қуйидаги ҳавола орқали иштирок этишингиз мумкин:

Бундан ташқари, мазкур ҳолатларга барҳам бериш мақсадида тадбиркорларни ноқонуний ҳомийликка жалб қилишнинг ҳар қандай кўриниши юзасидан @tadbirkor_adliyabot ёки 1008 рақамига мурожаат қилишингиз мумкин.

Акцияда фаол иштирок этишингизни сўраймиз.

Эслатиб ўтамиз, тадбиркорлик субъектларини ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-4-моддасида ҳамда Жиноят кодекси 192-4-моддасида жавобгарлик белгиланган.