Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ХТВ: Пайариқ тумани мактабларида 3,2 миллиард сўм маблағ ишламайдиган ходимлар ва ортиқча иш ҳақи ҳисоблаш орқали ўзлаштирилган

Ўтган 11 ой давомида жами 69,8 миллиард сўм иш ҳақидан ўғирлик, ўзлаштириш ва ортиқча тўловларга йўл қўйилганлик ҳолатлари аниқланган. 396 та ҳолат бўйича 149 миллиард сўмлик ҳужжатлар тўплами қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.

2 декабрь куни Халқ таълими вазирлигида ички аудит ва молиявий назорат бошқармаси фаолияти натижалари тўғрисида навбатдан ташқари Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

“2019 йилдан бошлаб барча ҳудудий ички аудит ва молиявий назорат хизмати аудиторлари вазирликнинг марказий аппарати таркибига ўтказилиб, уларнинг мустақиллиги таъминланди ва ушбу хизматни кучайтириш ишлари амалга оширилмоқда.

Мазкур Ҳайъат йиғилишида вазирликнинг ички аудит ва молиявий назорат хизмати томонидан амалга оширилган ўрганиш ишлари натижасида тизимдаги таълим муассасаларида иш ҳақидан ўғирлик, ўзлаштириш ва ортиқча тўловларга йўл қўйилганлик ҳолатлари муҳокама қилинди. Маълум бўлишича, тизимда ўтган 11 ой давомида жами 69,8 миллиард сўм иш ҳақидан ўғирлик, ўзлаштириш ва ортиқча тўловларга йўл қўйилганлик ҳолатлари аниқланган.

Бундан ташқари, ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича:

- 84,3 миллиард сўм иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар бўйича бошқа ноқонуний харажатлар;

- 38,7 миллиард сўм “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун талабларига зид равишда амалга оширилган харидлар;

- 24,1 миллиард сўм хатлов натижасида аниқланган камчиликлар;

- 3,9 миллиард сўм бошқа хато ва камчиликлар аниқланган.

Шу давр мобайнида жами 220,8 миллиард сўм (шундан Ҳисоб палатаси ва Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилган ўрганишлар натижасида 110,9 миллиард сўм ёки 50,1 фоиз) миқдоридаги молиявий хато ва камчиликлар аниқланди.

Мисол учун, Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида 3,2 миллиард сўм маблағ ишламайдиган ходимларга ҳамда ортиқча иш ҳақи ҳисоблаш орқали ўзлаштирилган.