Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Йўл-ҳаракати қоидаларига амал қилинса, йўл-транспорт ҳодисалари камаярди...

Самарқанд гарнизони офицерлар уйида ҳарбий хизматчилар ўртасида йўл-транспорт  ҳодисалари ва уларнинг олдини олиш чора-тадбирларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Самарқанд ҳарбий прокуратураси, Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХ бошқармаси, Самарқанд вилоят ҳарбий автомобиль назорати билан ҳамкорликда ташкил этилган йиғилишда вилоятимизда содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 9 апрелидаги “Йўл ҳаракати қоидалари”га ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори бўйича тушунтиришлар берилди.

- Йўл-транспорт ҳодисаларининг сонини камайтириш учун янгидан-янги қоидалар қабул қилинмоқда, - деди Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати бошлиғи Хуршид Сафаров. - Ҳукуматимизнинг қарори билан йўл-ҳаракати қоидаларига бир қатор ўзгаришлар киритилган. Улардан энг асосийлари аҳоли пунктларида иккита ҳаракат бўлаги бўлган ва ўртада трамвай изи бўлмаган бир томонлама ҳаракатли йўлларда тўхташга рухсат этилди. Айланма ҳаракат чорраҳасида ҳаракатланаётган транспорт айланага кириб келаётган транспортларга нисбатан устунликка эга  бўлди. Куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспортлар яқинни ёритувчи чироқларни ёки кундузги чироқларни ёқиб ҳаракатланиши шарт деб белгиланди. Шунингдек, янги 28 та йўл белгилари амалиётга киритилди.

Амалга оширилаётган бу ишларнинг барчаси йўлларимизда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Шундай экан ҳаракат иштирокчилари бу ўзгаришларни тўлиқ ўзлаштиришлари ҳамда унинг талабларига амал қилишлари шарт.

Тадбирда Йўл ҳаракати қоидаларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ва йўл-транспортидаги қоидабузарликларнинг айрим ҳолатлари акс этган видеороликлар намойиш этилди.

О.Бахронов,

Самарқанд ҳарбий прокурорининг ёрдамчиси,

адлия катта лейтенанти.