Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ёмғир ёғди кўл бўлди, муаммолар мўл бўлди

Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд вилояти ҳокимлигида вилоятда, хусусан, Самарқанд шаҳрининг айрим кўчаларида ичимлик суви, оқава сув, табиий газ тармоқлари тортилиши учун олиб борилган қазиш, шундан кейинги таъмирлаш ишларидаги камчиликлар, унинг оқибатлари ва ечимига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Унда вилоятдаги соҳага алоқадор идоралар раҳбар ва мутахассислари, журналист ва блогерлар иштирок этди.

Тадбирда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари М.Мирзаев кейинги кунларда ёққан ёмғир Самарқанд шаҳридаги бир қатор кўчаларда коммунал тармоқлар тортилиши оқибатида олиб борилган қазиш ва таъмирлаш ишларидаги камчиликлар нафақат пиёдаларга, балки жамоат транспорти учун ҳам оғир оқибатларни юзага келтирганини таъкидлади. Жумладан, икки кундан буён ижтимоий тармоқларда шаҳарнинг Рўдакий кўчасида ҳаракатланаётган йўналишли автобуслардан бирининг оқава сув тармоғи кўмилган асфальт йўлда пайдо бўлган чуқурга тушиб кетгани анча гап-сўзларга сабаб бўлди.

Матбуот анжуманида вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Р.Сатторов кўчалардаги қурилиш-таъмирлаш ишларидаги камчиликлар, жумладан, Рудакий кўчасининг Беруний кўчасидан Гагарин кўчасигача бўлган оқова сув тармоғи қурилиши объектида аниқланган камчиликлар, ёғингарчилик оқибатлари юзасидан маълумот берди.

Буюртмачи Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига қарашли “Сув таъминоти ва оқава сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” давлат унитар корхонаси вилоят ҳудудий бошқармаси раҳбари Ш.Абдураҳмонов, бош пудратчи “Боғдод Карвон” масъулияти чекланган жамияти раиси Н.Абилов, лойиҳа муаллифи «Таъмирлойиҳа» МЧЖ раҳбари Д.Қодировлар умумий қиймати 7 миллиард 304 миллион сўм бўлган мазкур лойиҳалар бажарилиши учун жавобгар ҳисобланади. Улар мазкур ишларни бажаришда йўл қўйилган камчиликларни изоҳлаш билан бирга, 10 кун муддат ичида тўлиқ бартараф этишга ваъда беришди.

- Бугунги ўтказилган учрашувда кўтарилган масалаларни ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда, - деди Самарқанд шаҳар ҳокими Б.Облоқулов. – Ҳар бир жавобгар шахс қонун олдида жавоб беради. Йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилар, аммо яна қанча вақт ўша йўлдан ўтиб қайтаётган халқ асаббузарликларга дуч келади? Қачонгача йўлларни қайта таъмирлаш ишларини, деб шаҳар аҳолиси ва меҳмонлар тирбанд кўчаларда ҳаракатланиши керак? Ўйлайманки, бугунги учрашувдан камчиликка йўл қўйган қурувчилар ҳам, бошқа мутасадди раҳбарлар ҳам ўзларига керакли хулосани чиқаради.

Шунингдек, тадбирда Самарқанд шаҳар прокурори Д.Саидқулов шаҳардаги Гулобод кўчасида таъмирлаш ишларидаги йўл қўйилган камчиликлар юзасидан жиноий иш қўзғатилганлиги, Рудакий кўчасида пайдо бўлган муаммолар бўйича ҳам суриштирув ишлари олиб борилаётганлиги ҳақида ахборот берди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган матбуот анжумани баҳс-мунозараларга бой бўлди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ,

Тўлқин СИДДИҚОВ.