Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Гулнора Маъруфова: Бундай вазиятда оилани сақлаб қолиш имконсиз

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Г.Маъруфова зўравонликка учраган самарқандлик аёл ва унинг фарзандлари ҳолидан хабар олди.

– Гулнора опа билан биргаликда М. вақтинча яшаб турган жойга бориб, у билан суҳбатлашдик – дейди Самарқанд вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари С.Жумаева –  Г.Маъруфова аёл билан гаплашиб, ҳозирги вазиятда асосий масала у ва фарзандларининг саломатлиги эканлигини таъкидлаб, бу нотинч оилани яраштириш ёки сақлаб қолиш имконсизлигини қайд этди. Зўравон эрга нисбатан ҳуқуқ-тартибот идоралари қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриши, аёл давлатимиз ҳимоясида бўлишини билдирди.

С.Жумаева ҳозирда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама бўлаётган бу оилани яраштиришга ҳаракат қилинмоқда, деган фикрларга муносабат билдириб, бундай таклиф ва режа йўқлигини айтди. Бу оилани сақлаб қолиш кейинчалик ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигини қайд этди. Аёл ва унинг фарзандлари саломатлиги, психологик ҳолати вилоят ҳокимлигининг ҳам назоратида. Ҳозирда унга тиббий-ижтимоий, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.