Сенат Самарқандда аёлни аёвсиз калтаклаш билан боғлиқ ҳолат назоратга олинганини маълум қилди
2020 йилнинг 20 август куни М.нинг турмуш ўртоғи Ш. ўзи яшаётган хонадонида сабабсиз, турли баҳоналар билан уни аёвсиз уриб, тан жароҳати етказгани акс эттирилган видеолавҳа ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Самарқанд шаҳар ИИБ томонидан бугунги кунда М.га ҳимоя ордери берилган ва махсус марказга фарзандлари билан бирга жойлаштирилган. Қолаверса, марказда малакали психологлар жалб қилиниб, психологик ёрдам бериляпти. Шунингдек, М. тўлиқ тиббий кўрикдан ҳам ўтказилган. Барча зарур дори воситалари олиб берилиб, соғлиғини тиклаши учун ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳозирги кунда жабрланувчи мазкур махсус марказда 2 нафар фарзанди билан яшаб келмоқда.
Бундан ташқари, М. ва унинг икки нафар фарзанди Самарқанд шаҳар ИИБ томонидан ҳимояга олиниб, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.
Ҳозирда унинг турмуш ўртоғи Ш.га нисбатан Самарқанд шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 105-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мазкур ҳолат Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, тегишли идораларга ушбу масала қонуний кўриб чиқилиши юзасидан кўрсатмалар берилган.