Бундан олти ярим аср аввал Амир Темур боғида лимон ўстирилган
Мовароуннаҳрда марказий ҳокимиятнинг кучсизланиши натижасида XIV аср ўрталарида иқтисодиётнинг навбатдаги пасайиши кузатилди. Ҳунармандчилик ишлаб чиқариши камайди, ички ва ташқи савдо алоқалари қисқарди. Суғориш иншоотлари феодаллараро урушлар туфайли инқирозга юз тутди, қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлиги даражаси сезиларли камайди. Қуйида биз Амир Темур ҳукмронлик қилган шу даврда Мовароуннаҳрда кечган ижтимоий-иқтисодий ҳаёт ҳақида фикр юритамиз.
Ҳокимиятга Амир Темурнинг келиши ва марказлашган давлат барпо этилиши, аввало, қишлоқ хўжалигининг ривожланишига имконият яратди. Темур фармойишига мувофиқ, экинзорлар яқинига ўтов ўрнатиш тақиқланди.
Академик В.Бартольднинг тавсифича, “Темур томонидан ажойиб боғ-роғлари билан муҳташам бинолар қурилди, шаҳар ва қишлоқлар тикланди, суғориш тизимлари барпо этилди ва тузатилди, экин етиштириш мумкин бўлган ерлар бекор ётмади”.
Деҳқончиликни тиклаш ва ривожлантириш тадбирларини кўраркан, Амир Темур Ўрта Осиё аҳолисининг кундалик ҳаёти сунъий суғориш билан яқиндан боғлиқлигини яхши билган. Натижада унинг фармойишига кўра, ерларни суғоришга боғлиқ ишлар амалга оширилган, Мурғоб водийсида муҳим ишлар бажарилган. Эски Анҳор каналининг тоғ майдони ўйиб қазилган, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларини оқар сув билан таъминлаш яхшиланган, деярли ҳар бир ҳовлидан ариқ ўтган. Дарёлардан йироқдаги жойларда суғориш коризлар ёрдамида амалга оширилган. Боғ ва томорқаларнинг бир қисми сувни қадимдаги каби, масалан, Насаф (Қарши) шаҳридагидек қудуқлардан олган, шунингдек бу ерда ҳаво намлигидан ҳам оқилона фойдаланишган. Мовароуннаҳрнинг серҳосил водийларидаги деҳқончиликда асосан буғдой экилган: гандуми оби (суғорма буғдой), гандуми сафидча (оқ буғдой), гандуми сурхоки (қизил буғдой), гандуми сурхоки баҳори (баҳорги қизил буғдой), йирик донли уштур дандон ёки туя тиши. Тоғли жойларда буғдойнинг совуққа чидамли навлари етиштирилган.
Мовароуннаҳрнинг асосий деҳқончилик ҳудуди Зарафшон водийси бўлган, ундан кейин Қашқадарё водийси турган. Чағониён вилоятида нон арзон бўлгани, Сурхондарёда Термиз донли экинлар етиштирилгани, бу жойдан Амударё орқали Хоразмга буғдой юборилгани тарихий асарларда қайд этилади. Хоразмда жўхори ва беда, барча жойларда эса мош ва нўхат экилган.
Ўрта Осиёда энг кўп тарқалган экинлардан бири гуруч бўлиб, Самарқанд томонларда бениҳоя кўп бўлган. Темур ва темурийлар даврида техник экинлардан пахта муҳим ўрин тутган. У Самарқанд яқинидаги ерларда, Балх атрофи, Шаҳрисабз яқинидаги суғорилма ерларда етиштирилган. Темур ҳукмронлиги чоғида зиғир экиш пайдо бўлган.
Тут дарахти, асосан ипак қуртларини кўпайтириш ва боқиш учун экилган. Самарқанд ва Бухорода пилла сотадиган дўконлар бўлган. Бўёқ олинадиган ўсимликлар, жумладан, қизил ва сариқ ранглар олишда фойданилган рўян ўсимлиги етиштирилган. Хина сиёҳ тайёрлашда, косметикада, доривор сифатида, қоғозга ранг беришда ишлатилган. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, Бухорода “Қирмиз номли қимматбаҳо бўёқ чўлдаги унча катта бўлмаган дарахт қуртларидан олинган”.
Боғ ва узумзорлар катта ерларни эгаллаган. Амир Темур буйруғи билан ташкил этилган боғда лимон ўстирилган. Бухоронинг Жўйбор деган жойида лимон, хурмо ва шамшод дарахти ўсган.
Самарқандча ва тошкентча узум навлари қаторида соҳиби нави ҳам етиштирилган. Мусаллас тайёрлаш ривож топган; даражаси турлича бўлган мусалласлар тайёрланган, бухорочаси улар ичида энг яхшиси ҳисобланган. Темур ва Улуғбек ташкил этган базми жамшид ва тантанали қабулларда соқий (май қуювчи) барчанинг эътиборини қозонган. Темур ва Улуғбек барпо этган боғларда турли давлатлардан келган элчилар қабул қилинар, улар юртига қайтгач, Темур салтанатининг гўзаллиги ва қудрати ҳақида хабарлар тарқатарди.
Қишлоқ хўжалигида полиз экинлари катта ўрин тутган, улар “бутун дунёда энг яхши ва энг мўл-кўл”, деб ҳисобланган. “Мовароуннаҳрнинг ҳеч бир ерида Бухорочалик кўп ва аъло қовун етиштирилмаган”, деб ёзганди кейинчалик Бобур.
“Мири Темур” деб аталган ва Бухороникидан ширинроқ ҳисобланган қовун навининг етиштирилиши, эҳтимол Темур номи билан боғлиқдир. “Фарғона Ахсисида “Мири Темур” номли Бухороникидан тотли ва нафис қовун нави бор” деб ёзади Бобур. Хоразм қовунлари, айниқса кўк тарнай нави жуда ажойиб бўлган.
Мовароуннаҳрда деҳқончилик билан бир қаторда чорвачилик, асосан қоракўл ва думбали қўй наслларини етиштириш жуда ривожланган. Аҳолининг ярим кўчманчи қисми кўп сонли қўй подаларига эгалик қилган. Ўтроқ аҳоли ҳам қўй боққан. Темурийзода Бадиуззамон Мирзога Зуннун Арғун бирваракайига 40 минг қўйни инъом этган. Қўйларнинг насл таркиби турлича бўлган. Ҳисори наслли қўйларга яқин бир хил қўйлар бир пайтлар Волгабўйи, Булғор, Олтин Ўрдада етиштирилганлиги аниқланган. Булар думбали қўйлар гуруҳига киритилади.
Хўжалик ҳаётида йилқичиликка муҳим ўрин ажратилган. Турли наслдаги отлар, жумладан “ўзбек”, “туркман”, “араб” ва бошқалар кўпайтирилган йўрға отлар жуда қадрланган. “Бу ерларда отлар чидамлиги билан машҳурдир”, - деб ёзади элчи ва сайёҳ Клавихо. Кўп сонли отлиқ Темур қўшинининг асосий тури бўлган. Жанг майдонидан ёлғондакам чекиниб, Темурнинг отлиқ қўшини одатда душманга яшириб қўйилган отлиқлари билан тўсатдан кучли зарба берган. Шошилинч хабар етказиш учун тез чопишга мосланган отлардан фойдаланган. От гўшти ва сутидан Ўрта Осиё аҳолиси кенг фойдаланган. Бия сутидан қимиз тайёрланган.
Юк ташишда асосан туялардан фойдаланилган, улар ҳарбий юришларда ҳам асқотган. Темур Ҳиндистонга юришида рақибининг қудратли қўшинини енгишда жанговар филларга қарши устига ёнаётган шох-шабба боғланган туяларни қўйиб юборган. Бундан ташқари, гўшт, ёғ, сут, жун ва тери берган.
Шунингдек, Темур, Улуғбек ва сулоланинг бошқа вакиллари ов билан машғул бўлишган. Улар ов қушлари ва итлари билан бир қанча аъёнлари овга чиқишган. Махсус кийикчилар қуш ва ҳайвонларни қўриқлаган. Афарикент сув қуши овлаш учун энг яхшиси ҳисобланган.
Ўтан Тўхтамишев,
СамИСИ доценти.
Шовқиддин Абдурашитов,
СамИСИ ўқитувчиси.
(Давоми бор)