“Шарқ тароналари” қаерда ўтказилади? Тайёргарлик жараёнлари қандай кетяпти?

Бу галги фестивал нега Регистонда ўтказилмайди?

ЮНЕСКО шафелигидаги анъанавий “Шарқ тароналари” ўн учинчи халқаро фестивали бу йил илк бор 25-30 август кунлари  Самарқанд халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” мажмуасида ўтказилади. Айни пайтда фестивалга тайёргарлик жараёнлари давом этмоқда.

- Фестивални юқори савияда ўтказиш мақсадида репетиция жараёнларини ҳозирдан бошладик, - дейди режиссёр Шамсиддин Усмонов. – Кўпчилик бу галги фестивал учун нега “Боқий шаҳар” мажмуаси танланганини сўрамоқда. Маълумки, моддий маданий меросимиз бўлган “Регистон” ансамбли тарихий аҳамиятга эга. Ушбу ёдгорликни асраб-авайлаш, келажак-авлодга етказиш, юртимизга келаётган сайёҳларга қадимий обидалармизни ўз ҳолича кўрсатиш, қолаверса, нафақат Самарқанднинг, балки бутун Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб этиш учун барча шароит яратилган янги туризм марказининг имкониятларини кўрсатиш мақсадида ушбу маскан танланди.

Фестивал очилишида биз миллий санаътимиз билан бирга, соҳадаги ўзгаришларни ҳам кўрсатиш учун ҳаракат қиламиз. Ҳозирда саҳналарни безатиш, миллийлигимизни ўзига хос акс эттириш ҳамда турли саҳна чиқишларини намойиш этиш мақсадида рассомлар, декораторлар, актёрлар, ҳарбийлар ва талабалар билан тайёргарлик ишларини олиб боряпмиз. Бу галги фестивалнинг аҳамиятли томони, барча иштирокчи давлатлар созанда, хонанда ва рақс усталари томонидан ўтган йилларда чиқиш қилинмаган сара санъат асарлари намойиш этилади.

"Шарқ тароналари"  ўн учинчи халқаро фестивалининг логотипи шундай кўринишда.

Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш мақсадида республикада ва Самарқанд шаҳрида Маданият вазирлигининг штаби фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, ижодий гуруҳлар, волонтёрлар билан ишлаш, меҳмонларни кутиб олиш бўйича алоҳида ишчи гуруҳлар ҳам ташкил этилган.

- Айни пайтда меҳмонларни кутиб олиш ҳамда фестивал бўлиб ўтадиган ҳудудда вилоятлардан ташриф буюрадиган ҳунармандлар учун ярмарка ва кўргазма ташкил этишга тайёргарлик кетмоқда, - дейди вилоят маданият бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ғазал Сирожиддинов. - Шунингдек, «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида иштирок этувчилар ўртасида 13-14 август кунлари республика кўрик-танлови эълон қилинган бўлиб, танлов профессионал хонанда ва созандалар ўртасида икки йўналишда ўтказилади. Кўрик-танловда 18 ва ундан юқори ёшдаги ижодкорлар иштирок этади ва 1, 2 ва 3-ўрин ғолиблари фестивалда иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритади.

Фестивал доирасида 27-28 август кунлари «Шарқ халқлари мусиқа маданияти: глобаллашув жараёнларида ижодий уйғунлашув тамойиллари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференсия ўтказилади ва унда мусиқашунос олимлар, илмий-тадқиқот марказлари олимлари, мусиқий олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда тадқиқотчи-докторант ва магистрантлар иштирок этади.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.