Чиқиндидан сувенир, зардобдан сариёғ, электр ва автомобиль жиҳозлари, қурилиш маҳсулотлари ва қайта ишлашга эътибор

Аввал хабар берганимиздек Жомбой туманидаги “SOF EXPO SAMARKAND” кўргазмалар мажмуасида гастрономик туризм, тўқимачилик, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, электротехника, фармацевтика саноати, мебелсозлик ва гилам маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳаларига ихтисослашган ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ўтказилмоқда.

Ярмарканинг очилиш тадбирида Президент маслаҳатчиси ўринбосари Г.Саидова, Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари И.Мухторов, вилоят ҳокими Э.Турдимов, туман-шаҳарлар ҳокимлари ва соҳага масъул ўринбосарлари иштирок этди.

Саноат ярмаркасида вилоятимиз ишлаб чиқарувчилари билан биргаликда Бухоро, Тошкент, Фарғона ва россиялик тадбиркорлар ҳам қатнашмоқда. Кўргазмада 2500 та саноат корхонаси, шундан 20 дан ортиқ тармоқ, 2375 та ҳудудий корхона 240 дан ортиқ ўз маҳсулотларини тақдим этмоқда. Жумладан, 240 та корхона 7,5 мингдан ортиқ импорт ўрнини босувчи маҳсулотлари билан қатнашмоқда. Бу галги кўргазмада корхоналар томонидан электр радиаторлар ва конвекторлар, электр жиҳозлар, янги турдаги "ТМГ" русумли трансформаторлар, ўсимликларни ҳимоялаш учун кимёвий воситалар, гипсокартон учун қоғозлар, автомобиль эҳтиёт қисмлари, автомобилларга ёқилғи қуйиш мосламалари каби 80 турдан ортиқ рақобатбардош маҳсулотлар намойиш қилинди.

Бу галги кўргазмада ишлаб чиқарувчиларни мажбуриятдан эмас, балки манфаатдорлик устувор ҳолда кўргазмада қатнашаётганликларини кўриш мумкин. Ишлаб чиқарувчилар ҳар бир иштирокчига алоҳида эътибор қаратиб, қизиққан маҳсулоти бўйича батафсил тушунтиришда, ҳар бир павильонга маҳсулотларни жойлаштиришда ҳам катта эътибор қаратилгани билан ажралиб турибди.  

Ярмаркада озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашга катта аҳамият берилган. Вилоятдаги озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган ва қайта ишлайдиган 22 та йирик ва кичик корхона учун алоҳида жойлар ажратилиб, улар томонидан импорт қилинаётган ва маҳаллийлаштиришга тавсия этилаётган хомашёлар намойиш этилмоқда.

-  Корхонамиз қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилиш билан шуғулланади, - дейди “Булунғур Сандвик” масъулияти чекланган жамияти иш юритувчиси Аббос Мўминов. – Корхонамиз тасарруфидаги 300 гектар ер ва фермер хўжаликлари билан шартнома асосида етиштирилган маҳсулотлардан кунига 15-20 тоннадан 60-70 тоннагача қайта ишлаб АҚШ, Европа ва Осиё давлатларига экспорт қиламиз. Ҳар бир давлатнинг мувофиқлик сертификати олинган ва шу асосда маҳсулот сотамиз. Ҳамкорлик доирасида жорий йилнинг биринчи чорагида 2,5 миллион долларлик маҳсулот экспортини амалга оширдик. Бугунги кўргазмага қуритиб қайта ишланган 20 га яқин маҳсулотимиздан намуналар олиб келдик ва янги ҳамкорлик келишувларига эришиш ниятидамиз.

Форум доирасида панел сессия ва муҳокамалар ҳам ўтказилди. Жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари импортини қисқартириш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш ва маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш мавзусидаги муҳокамада саноати ривожланмаган давлат бой бўла олмаслигига эътибор қаратилди.

-  2022 йилда вилоятимизда 65 миллион долларлик озиқ-овқат маҳсулоти импорт қилинган, ўтган 2023 йилда эса бу рақамлар 21 миллион долларга қисқарган, - деди вилоят ҳокими. – Ҳозирда вилоятимизда 2200 та озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона бор ва уларнинг 1966 таси фаолият юритмоқда. Бу йўналишдаги корхоналар сони кейинги беш-олти йилда қарийб икки баробар ошди. Сектор раҳбарлари ва иқтисодий блок масъуллари билан биргаликда вақтинча ишламасдан турган 234 та корхонани ўрганиш ва фаолиятини тиклашни асосий мақсадга айлантирганмиз. Ишлаб турган корхоналарни эса тўлиқ қувватда ишлашини таъминлаш ва асосийси илмга асосланган ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, талабга мос маҳсулот тақдим қилишга эътибор қаратишимиз керак.

Кўргазма доирасида алоҳида павильонда вилоятимиздаги олий таълим муассасаларининг 70 га яқин инновацион стартап лойиҳалари намойиш этилмоқда. Жумладан, Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали рақамли кутубхона, Таиландча музқаймоқ, капидеим санъати (капалакли букет), резинарт санъати (чиқиндидан сувенир ишлаб чиқариш), 3D принтерда маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун бинолар макетлари, эсдалик совғалар ва сувенирлар ишлаб чиқариш ва мобиль телефон орқали бошқариладиган уйдаги ис газининг меъёрини ўлчовчи қурилмалар намойиш этилмоқда. Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти талабалари эса ўрик туршагини қайта ишлаб, майдалаган ҳолда бир марта фойдаланишга мослаб қадоқлаш технологиясини тақдим этмоқда. Шунингдек, институтнинг 3-босқич талабаси Севинч Алибекова мацарелла пишлоғини ишлаб чиқаришда катта миқдорда ажралиб чиқадиган зардобдан сифатли ва истеъмолга яроқли сариёғ ишлаб чиқариш технологиясини тақдим этди. Бу лойиҳа вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Тадбиркорлар кенгаши томонидан 45 миллион сўм миқдорида молиялаштирилган ва олийгоҳнинг ўзида маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарурий ускуналарни харид қилиниб, 3 та иш ўрни яратилган. Ҳозирда барча текширувлардан ўтган ва сифат сертификатига эга бўлган, истеъмолга яроқли маццарелла пишлоғи, йогурт, “сирний палочка”, сариёғ, қатиқ, творог ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариб, савдо дўконларига етказиб бермоқда.

Кўргазма доирасида тармоқ ва ҳудудий корхоналар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтириш учун В2В, В2G форматидаги учрашувлар ҳам ташкил этилмоқда.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).