Самарқандда тест синовлари якунланди: 70 нафар абитуриент имтиҳондан четлатилди

Аввал хабар берганимиздек, 8-17 август кунлари вилоятда олий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлар учун бешта очиқ майдонда тест синовлари бўлиб ўтди.

Давлат тест маркази Самарқанд вилояти бўлимининг Zarnews.uz’га маълум қилишича, 17 август куни биринчи навбатда қатнашиши керак бўлган 5460 нафар абитуриентдан 4976 нафари тест синовларида иштирок этган. Аммо 484 нафар абитуриент турли сабабларга кўра имтиҳонга келмаган.

Иккинчи навбатда абитуриентларнинг 5171 нафари тест синовларига келган бўлса, 289 нафари турли сабабларга кўра қатнашмаган.

Биринчи навбатда уч нафар абитуриент ўринга ўрин киришга урингани, иккинчи навбатда бир нафар абитуриент тартиб-интизомга риоя қилмасдан таъқиқланган воситалардан фойдалангани туфайли тест синовларидан четлатилган.

Умумий натижага кўра:
Бу йил вилоятдаги тест синовларига 108 981 нафар абитуриент қатнашиши режалаштирилган бўлиб, уларнинг 99 312 нафари имтиҳонга келган, 9669 нафари турли сабабларга кўра иштирок этмаган.
Шунингдек, 31 нафар абитуриент ўринга ўрин киришга урингани, 39 нафари таъқиқланган воситалардан фойдалангани боис имтиҳондан четлатилган.