Самарқанд давлат университетида хорижлик талабаларнинг тўлов-контракт миқдори пасайтирилди

Айни пайтда Самарқанд давлат университетида 30 га яқин бакалавр йўналишида хорижлик талабалар таҳсил олмоқда. Шунингдек, университетда магистратура ва докторантура йўналишларида ҳам хориждан келган талабалар ўқимоқда. Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

- Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети бугунги кунда дунёнинг 160 дан ортиқ олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда, - деди университет проректори Акмал Аҳадов. - Айни пайтда университет талабаларига 70 нафар хорижлик профессор-ўқитувчилар дарс бермоқда. Хусусан, АҚШ, Россия, Жанубий Корея, Хитой, Исроил каби давлатларнинг етакчи университетлари билан биргаликда бакалавриат талабалари учун саккиз йўналишда, магистратура босқичи талабалари учун 10 йўналишда қўшма таълим дастурлари ташкил этилган бўлиб, мазкур талабалар икки университет дипломларига эга бўлишади.

- Туркияда ёш ўзбекшунослар кам, - дейди туркиялик докторант Байрам Биллур. – Мен Самарқанднинг қадим тарихи, маданий ва маънавий меросига жуда қизиқаман. Шунинг учун ушбу йўналишда илмий иш қилишни хоҳладим ва Самарқанд давлат университетига ўқишимни давом эттириш учун келдим. Бу ерда хорижлик профессор-ўқитувчи ва талабалар учун замонавий ётоқхона мавжуд. Шунингдек, бизга тажрибали, билимли профессор-ўқитувчилар дарс беради.

Бўлиб ўтган матбуот анжуманида университет раҳбарияти хорижлик талабаларни олий таълим муассасасига жалб этиш учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берди. Шу пайтгача хорижлик бакалавриат талабалари университетда 19 360 000 сўм, хорижлик магистратура йўналиши талабалари 23 760 000 сўм миқдорида тўлов-контракт асосида ўқиган бўлса, янги ўқув йилидан молиявий ва академик мустақил бўлгани учун хорижлик бакалаврлар 11 227 000 сўм, магистрлар эса 9 151 000 сўм тўлов-контракт асосида ўқиши мумкин.