Сиз қанча ер солиғи тўлайсиз?

Ҳудудингиз ва мулкингиз асосида унинг миқдори белгиланишини биласизми?

Солиқ кодексининг 437-моддасига кўра, ер солиғи ставкалари 1 квадрат метр учун мутлақ миқдорларда белгиланади.

Хусусан, “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунига асосан:

- қишлоқ жойларидаги ер участкаларидан фойдаланганлик учун ундириладиган ер солиғи ставкалари 0,01 га. ер учун (суғориладиган) аҳоли пунктларида 9098,3 сўм;

- аҳоли пунктларидан ташқарида 4550 сўм, лалми ерлар учун 1054,6 сўм;

- жамоа боғдорчилиги ва полизчилиги билан шуғулланиш учун ажратилган ер майдонларига 4114,9 сўм қилиб белгиланган.

Ушбу солиқ ставкаларига ер участкасининг жойлашган жойидан келиб чиқиб коэффициентлар қўлланилади. Жумладан, вилоят марказларидан 15 километр радиус масофада 1,20, туманлар марказидан 10 километр радиус масофада 1,15 ва бошқа шаҳарлардан 5 километр радиус масофада 1,10 этиб белгиланган.

Ҳудудларнинг ва фаолият амалга ошириладиган жойнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда халқ депутатлари вилоят Кенгаши белгиланган солиқ ставкаларига 0,7 дан 1,3 гача бўлган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлар белгилаш ҳуқуқига эга ва ер участкаларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилганда, солиқ ставкаси белгиланган солиқ ставкаларининг уч баравари миқдорида белгиланади.

Мол-мулк солиғи ставкалари эса Солиқ кодексининг 422-моддасига асосан қуйидаги миқдорда кадастр қийматига нисбатан белгиланади.

Хусусан, уй-жойлар ва квартиралар, дала ҳовли иморатлари (умумий майдони 200 квадрат метрдан ортиқ бўлганлари бундан мустасно), бошқа иморатлар, бинолар ва иншоотлар 0,2 фоиз миқдорда.

Шаҳарларда жойлашган уй-жойлар ва квартиралар, умумий майдони 200 кадрат метрдан ва 500 кадрат метрга қадар бўлганда 0,25 фоиз миқдорда ҳисобланади. 500 кадрат метрдан ортиқ бўлганда 0,35 фоиз миқдорда мол-мулк солиғи тўланади.

Бошқа аҳоли пунктларида жойлашган, умумий майдони 200 квадрат метрдан ортиқ бўлган уй-жойлар ва квартиралар, дала ҳовли иморатлари учун 0,25 фоиз миқдорда солиқ тўлови ундирилади.

Тадбиркорлик фаолияти учун ёхуд юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага беришда фойдаланиладиган солиқ солиш объектлари, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти ва (ёки) даромад олиш учун мўлжалланган, яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектларига 2 фоиз миқдорда мол-мулк солиғи ҳисобланади.

Солиқ кодексининг 420-моддасига асосан жисмоний шахсларнинг мол-мулкини баҳолаш бўйича ваколатли орган томонидан аниқланган солиқ солиш объектининг баҳоси мавжуд бўлмаган тақдирда, мол-мулкнинг шартли қиймати Тошкент ва Нукус шаҳарларида, шунингдек, вилоят марказларида – ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган сумманинг беш баравари миқдорида (210 миллион сўм), бошқа шаҳарларда ва қишлоқ жойларда эса икки баравари (84 миллион сўм) миқдорида солиқ базаси ҳисобланиши белгиланган.

Жамшид НАРЗИҚУЛОВ,

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш бўлими давлат солиқ катта инспектори.