Кимлар энергия харажатлари учун бериладиган компенсациядан фойдаланиши мумкин?

Мавжуд тартибга кўра, энергия харажатлари учун айрим тоифадаги истеъмолчиларга юзага келиши мумкин бўлган қўшимча харажатларни қоплаш бўйича вақтинча компенсация жорий этилган. Бу тоифага “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига кирган кам таъминланган оилалар, болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи оилалар ҳамда Ягона реестрга киритилмаган, “маҳалла еттилиги” хулосаси асосида аниқланадиган қўшимча эҳтиёжманд оилалар киради.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, бугунги кунга қадар 277 минг 719 та оила ариза топширган. Шундан 240 минг 18 таси — Ижтимоий ҳимоя реестрига ёки камбағал оилалар рўйхатига киритилган оилалар, 37 минг 701 таси — рўйхатга кирмаган, лекин оғир аҳволдаги оилалар. Ушбу ёрдам молиявий қийинчиликка дуч келган оилаларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Электр ёки газдан қарздорлиги бор эҳтиёжманд оилалар компенсация олиш учун яшаб турган маҳалласидаги ижтимоий ходимга, “Инсон” марказига ёки "1140" қисқа рақамига мурожаат қилиши мумкин.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, компенсация миқдори болалар/оила аъзолари сони ва бошқа шартларга боғлиқ эмас. Миқдори ҳамма учун бир хил.