“Мен Марказий Осиё фуқаросиман”

Ўзимизни шундай таништириш пайти келди
Хабарингиз бор, май ойининг сўнгги декадасида "Марказий Осиё - 2050: умумий фаровонлик ва барқарорлик сари" мавзусида биринчи минтақавий форсайт-семинар бўлиб бўлиб ўтди. Унда экспертлар минтақа келажагини муҳокама қилди.
Тадбир доирасида таҳлилчи Азиза Умарованинг қуйидаги фикри эътиборга молик: “Минтақа давлатлари алоҳида-алоҳида гапирса, биз қизиқиш уйғотмаймиз...”.
Аслида совет иттифоқи бошқаруви шартли равишда бўлиб юборган минтақада мустақилликнинг илк кунларидан ўзаро ҳамкорлик, яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатишга ҳаракат қилинди. Ҳатто бу борада қатъий қадамлар ҳам ташлангани аниқ. Жумладан, сарлавҳага чиқарилган ғоя асосида яқин алоқалар бошланган. Мутахассисларга кўра, бу иш табиий эҳтиёж, таъбир жоиз бўлса, минтақада азалдан шаклланган тарихий қонуният асосида юзага келган.
Воқеликнинг кейинги ривожида эса совет даврида амалга оширилган тақсимланиш ўз “мева”сини берди. Яъни, Марказий Осиё давлатлари ўртасида чегара низолари ўртага чиқа бошлади. Табиийки, муносабатлар совуқлашгандан совуқлашди.
Таассуфки, бой табиий ресурслари, стратегик жойлашуви, иқтисодий, транспорт, логистика ва бошқа муҳим соҳалардаги имкониятлари боис халқаро майдондаги йирик кучлар минтақага бўлган эътиборини ҳеч вақт сусайтирмаган. Фақат юқорида қайд этилганидек, бизни аксар ҳолда Марказий Осиё сифатида қабул қилишлари мумкин.
Қайд этилишича, “5+1” деб аталувчи кўп томонлама учрашувлар формати Марказий Осиёнинг бешта давлати (“5”) ва халқаро ҳамкор (“1”)ни назарда тутади. Мазкур формат учрашув ҳамда форумлар доирасида доимий мулоқот учун дипломатик платформа вазифасини ўтаяпти.
Аслида, 2004 йилда Япония ташқи ишлар вазирлари даражасидаги “Марказий Осиё – Япония”, яъни “5+1” ҳамкорлик форматини жорий қилган илк мамлакат бўлди. Унинг ортидан Жанубий Корея (2007), Европа иттифоқи (2008), кейинчалик бошқа давлатлар ҳам мазкур ҳамкорлик форматида учрашувларни йўлга қўйишди. Айниқса, 2017 йилдан бошлаб халқаро ҳамкорлар “C5+1” кўп томонлама платформаси орқали Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни ривожлантиришга диққат-эътиборини кучайтирди. Мисол учун, 2019 йилда Ҳиндистон, 2020 йилдан Россия ва Хитой “5+1” форматидаги кўп томонлама учрашувларни амалиётга татбиқ қила бошлади. Бу орқали Россия ва Хитой минтақа давлатлари билан нафақат икки томонлама муносабатларни ўрнатишини, балки Марказий Осиёни халқаро муносабатларнинг ягона субъекти деб ҳисоблашини намойиш этган.
***
Жорий йилнинг 3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити нафақат сиёсий, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам Ўзбекистон учун улкан имкониятлар эшигини очмоқда.
Европанинг Франция, Германия, Италия ва Испания каби давлатлари Ўзбекистонда саноат, инфратузилма ва “яшил энергетика” соҳаларида сармояларни кўпайтириш ниятида. Бу мамлакатимизда янги иш ўринлари ва юқори технологияли корхоналар демакдир.
Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантириш — маҳаллий маҳсулотларни Европа бозорларига тез ва самарали етказиш имконияти. Бу эса ишлаб чиқарувчилар учун янги бозор, валюта тушуми ва иқтисодий ўсишга йўл очиб беради.
Erasmus+, Horizon Europe ва шунга ўхшаш дастурлар орқали ёшларга Европада таълим олиш, тажриба алмашиш, стартап лойиҳаларда қатнашиш имконияти пайдо бўлади.
Самарқанднинг халқаро марказ сифатидаги мавқеи ошмоқда. Бу туризм оқими, янги меҳмонхоналар, авиарейслар, хизмат кўрсатиш сектори ривожи деганидир. Самарқанд том маънода Ғарб ва Шарқни яна юзлаштирмоқда.
Саммит – бу бир кунлик воқеа эмас. Бу Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё учун устувор кўрилаётган янги вектор. Унинг иқтисодий натижалари йиллар давомида ўз самарасини беради. Ўзбекистон халқаро майдонда очиқ, ишончли ва инвестициявий жиҳатдан жозибали давлат сифатида мустаҳкамланмоқда.
Самарқанд саммитининг якуни ўлароқ, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасида стратегик шериклик ўрнатиш ҳақида тарихий қарор қабул қилинган бўлса, музокараларнинг иқтисодий натижалари ундан-да бой бўлди. Хусусан, Евроиттифоқ Марказий Осиё учун 12 миллиард евро ҳажмидаги инвестиция пакетини эълон қилди. Инвестиция пакети минтақа учун муҳим бўлган тўртта соҳага йўналтирилади: транспорт (3 миллиард евро), камёб муҳим минераллар (2,5 миллиард евро), гидроэнергетика ва иқлим (6,4 миллиард евро) ҳамда сунъий йўлдош интернети (100 миллион евро).
Шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки 2027 йилгача муҳим минераллар ва қайта тикланувчи энергия каби соҳаларни ўз ичига олган тахминан 7−8 млрд евролик лойиҳалар пакетини ишлаб чиқмоқда.
Аслида бундан 20 йил олдин ҳам дунё ҳамжамияти Марказий Осиёни ягона субъект сифатида кўришга, шу тахлит муомала қилишга интилгани билан ичкарида, ўзимизда қатор муаммолар мавжуд эди.
Жумладан, яқин-яқинларгача Марказий Осиё давлатлари бир-бирларига нисбатан турли савдо режимлари ва божхона тўловларини қўллаб келишаётганди. Табиийки, бу ўз навбатида мамлакатлар ўртасидаги жадал савдо алоқаларининг ривожига нафақат салбий таъсир кўрсатади, балки тўсқинлик ҳам қиларди.
Ўзаро борди-келди ва бошқа муносабатлардаги қийинчиликларнинг оғриғини ҳали жамиятимиз унутгани йўқ. Шу боис бу ҳақда такрорлаш ўринсиз, деган ўй билан кейинги йилларда амалга оширилган ижобий ўзгаришларга тўхталиш мақсадга мувофиқ деган фикрга келдик. Негаки инсон яхши янгиликларга тез кўникади ва бундай жараёнларни унутишга мойил бўлади.
Шу ўринда бир гапни алоҳида таъкидлаш ўринли, чунки аксар одамлар давлатимиз раҳбари бошқарувга келган илк йилларда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси қандай самара бергани ҳақида кўпам билмайди. Билганлар эса унутиб бормоқда. Ваҳоланки, айни дастур асосида Ўзбекистонда Марказий Осиёни кенг имкониятлар маконига айлантириш орқали “хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик” муҳитини яратиш бўйича фаол минтақавий сиёсат амалга оширилди.
Натижасини эсладингиз: очиқ ва прагматик сиёсати туфайли минтақавий алоқалар тикланди, чегаралар очилди; ҳаво, автобус ва темир йўл йўналишлари қайта ишга туширилди ва янги йўналишлар билан бойитилди; одамлар ўртасида борди-келди алоқалари ҳам осонлашди, бу эса ўз навбатида, минтақалараро иқтисодий ва савдо алоқаларининг ривожланишига янгидан янги имкониятларни берди.
Европадаги 28 давлат иттифоқ бўлиб, яна-да фаровон ҳаёт қурганликлари аниқ. Нега энди бир-бирига ҳам тарихий, ҳам этно-маданий жиҳатдан, ҳам қадриятлар бўйича жуда яқин бўлган Марказий Осиё мамлакатларида иинтеграцияни амалга ошириб бўлмайди?
Савол ўринли эди, бироқ йиллар давомида совуқлашган муносабатларни илитиш учун минтақа мамлакатларидан бирининг раҳбари сиёсий ирода кўрсатиш керак эди. Бу Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев бўлди.
Айнан у кишининг ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари йўлга қўйилди.
Чегара олди туманларда бизнес-форумлар, кўргазмалар ташкил қилиняпти. Чегаралардаги ўтиш пунктларининг кўпайтирилиши, виза режимидаги қулайликлар ҳам минтақавий интеграцияга ижобий таъсир кўрсатяпти. Бундан ташқари, Марказий Осиёни кесиб ўтувчи халқаро транспорт коридорларини барпо этиш йўлидаги умумий саъй-ҳаракатимиз ҳам минтақа мамлакатлари истиқболига хизмат қилмоқда.
Энг муҳими, яқин-яқингача ўзаро муносабатларда баъзи мавзуларда гапириш ноқулай ҳисобланган бўлса, ҳозир бирор ёпиқ мавзу қолмади. Ҳатто энг мураккаб масалаларни, хоҳ у трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўлсин, хоҳ чегараларни делимитация ва демаркация қилиш бўлсин, барча муаммони томонлар очиқ ва дўстона руҳда ҳал қилишга интилмоқда.
Ҳозир минтақа мамлакатлари муаммоларга якдил жавоб қайтариш, уларни ҳал этишнинг самарали йўлларини биргаликда излаш ва тараққиёт учун ҳамжиҳатликда интилиш йўлида дадил ҳаракат қилмоқда. Айниқса, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистон етакчисининг қатъий саъй-ҳаракатлари туфайли илгари анча тарқоқ ва ўта зиддиятли ички муносабатларга эга бўлган Марказий Осиё халқаро майдонда яхлит бир жуғрофий-сиёсий макон сифатида гавдалана бошлади.
Тўғри, ҳали Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ўзаро алоқаларни янада чуқурлаштириш йўлида ҳали талайгина ишга солинмаган имкониятлар мавжуд. Буни олимлар, халқаро экспертларнинг таҳлиллари ҳам яққол тасдиқлайди. Масалан, иқтисодчи олим О.Ҳакимовнинг фикрича, ички минтақавий савдо ҳажмини, айниқса, тайёр маҳсулотлар ҳисобига ошириш улкан истиқболга эга. Халқаро савдо маркази методологияси бўйича қилинган ҳисоб-китоблар Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро савдода 1,1 миллиард доллар, хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари борасида 530 миллион, кимё саноатида 180 миллион, металлургия саноатида 120 миллион, енгил саноат товарлари борасида 110 миллион долларлик амалга оширилмаган экспорт салоҳияти мавжудлигини кўрсатмоқда. Демак, амалий саъй-ҳаракатларни янада чуқурлаштириш орқали минтақавий ҳамкорликни бундан-да юқорироқ босқичга кўтариш мумкин.
***
Европа билан яқинлашувимиз бошқа халқаро ўйинчиларни беҳаловат қилди. Ўзаро алоқалар борган сари чуқурлашиб бораётганини яқинда Италия бош вазири Жоржия хоним Самарқандга ташриф буюрганидан, кейинроқ Марказий Осиё ва Италия форумида қатнашганидан ҳам билиш мумкин.
Лекин бир нарса аниқки, Марказий Осиё етакчилари миллий манфаатларни қўшниларнинг манфаатларини ҳисобга олмасдан туриб таъминлаб бўлмаслигини тушуниб етмоқда. Пировардида халқаро ўйинчиларнинг ҳар бири билан ҳамкорлик йўлга қўйиляпти. Бу эса қайсидир куч марказига тўлиқ қарам бўлиб қолмаслигимиз кафолати бўляпти.
Тошкентда бўлиб ўтган форум Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси кўмагида ташкил қилинган.
Албатта, бошқа ҳамкорлар ҳам бор, фақат ташкилотчилар кимлигига эътибор қаратсак ҳам тадбирнинг сиёсий салоҳияти, жиддияти ва аҳамиятини тасаввур қилиш мумкин.
Форсайт-семинарда 2050 йилгача бўлган демография, энергетика, иқлим, сув, транспорт интеграцияси ва инсон капитали соҳаларидаги прогнозлар муҳокама этилган. Минтақадаги мамлакатлар ўртасида саноат кооперацияси ва иқтисодий жиҳатдан бир-бирини тўлдириши масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори Баҳодир Раҳматов таъкидлашича, "Марказий Осиёда 83 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. 2030 йилга бориб минтақа аҳолисининг 60 фоизи шаҳарларда яшайди, бу эса иш ўринлари, инфратузилма, таълим ва тиббиётга бўлган талабнинг кескин ошишига олиб келади.
Бу шунингдек, давлатларимиз аҳолисининг сифатли турмуш тарзига, хавфсиз муҳитга ва келажакка бўлган ишончга талаби ортиб боришини англатади”.
Энди Сиз ҳам баралла айтинг: мен Марказий Осиё фуқаросиман!
Ёқубжон Марқаев.