Баҳодир Ялангтўшга ҳайкал ёхуд Самарқанд улуғларининг сиймолари аллеясини яратиш вақти келмадими?
Яқинда Самарқанд шаҳрида Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловчилар билан бўлган учрашуви менда жуда илиқ таассурот қолдирди. У кишининг халқимиз турмуши ва равнақи, шонли тарихи ва келажагига оид фикрлари, айниқса, Самарқанднинг ўтмишдаги машҳур ҳокими Баҳодир Ялангтўшга оид мулоҳазалари барча самарқандликларда ғурур, завқ-шавқ туйғусини пайдо қилди, десам адашмайман.
Буларни тинглаб бир нарса ёдимга келди. Роппа роса 4 йилу 5 кун олдин, яъни 2017 йил 19 сентябрда Шавкат Миромонович БМТ Бош Ассамблеясида илк марта сўзга чиққач, ташкилотга Ўзбекистоннинг "ташриф қоғози"га айланган Самарқанддаги Регистон майдони макетини совға қилганди. Ўшандан бери бу эсдалик Хавфсизлик кенгаши ва БМТ Бош Ассамблеяси орасидаги супага ўрнатилиб, бутун дунёга Ўзбекистон деган юртдан хабар берувчи бир жарчига айланди. Бу кароматли ишнинг яна бир файзли жиҳати шунда бўлдики, бутун дунё зиёлилари назаридан деярли четда қолиб кетган улуғ ўзбек ҳукмдори, Регистон майдонининг асосчиси бўлган Самарқанд ҳокими Баҳодир Ялангтўш шахсиятига бўлган қизиқишга кучли туртки берди.
Самарқанднинг марказида салобат тўкиб турган Регистон майдонининг ҳозирги кўринишига олиб келган бек Баҳодир Ялангтўш шаҳар учун қилган ҳайрли ишлари билан Темурбекдан кейинги ўринни эгаллайди. У ҳам жангу жадалда Соҳибқирон каби деярли енгилмаган, босқинчиларга қарши курашдан Жалолиддин Мангуберди каби ҳеч ортга қайтмаган, бинокорликда эса Тож Маҳални қурган Шоҳжаҳондан сира қолмаган. Баҳодир Ялангтўш номини абадийлаштириш борасида қилинадиган ишларни амалга оширишда шаҳримизнинг бундан кейинги ҳолати ҳам ҳисобга олинса яхши бўларди.
Шу ўринда таклиф қилмоқчиманки, Регистон майдони олдида унинг асосчиси - Баҳодир Ялангтўш ҳайкали қад кўтарса, унинг қиёфасини яратишда албатта Ялангтўшлигига эътибор қаратилса яхши бўларди. Ўзбек ҳукмдори Балх яқинидаги жангда совут-қалқонсиз, очиқ кўкрак билан жанг қилгани учун Ялангтўш оти билан янада машҳур бўлган. Ҳайкалдаги кўкраги очиқ, бир қўли билан шер (Шердордаги шерларга шаъма) эзғилаб, бўйсундириб турган қиёфа унга қудрат, ҳеч кимга ўхшамас кўрк бахш этади.
Регистонда, Баҳодир Ялангтўш ҳайкали пойида Флоренциядаги Уффици Галереяси (La Galleria degli Uffizi) каби очиқ осмон остида Самарқандни бошқарган ёки унинг тарихида муҳим ўрин тутган шахслар ҳайкаллари аллеяси яратилса, жуда яхши бўларди. Икки томони ҳайкаллар билан безалган йўлак, хиёбон сайёҳлар оқимига сабаб бўладиган бир маданий оромгоҳга айланарди. Чет эллик меҳмонлар бирваракайига Алп Эр Тўнға (Афросиёб, зардўштийликдан олдинги давр), Александр Македонский (эрамиздан олдинги 356-323 йиллар), Хитой императорига айланган Самарқанд ўғлони Ань Лушан (Алп Арслон 703-757 йиллар), Самарқанддаги илк мадраса ижодкори Иброҳим ибн Наср Тамғачхон Қорахоний (1040-1070 йиллар), салжуқий ҳукмдор султон Санжар (1118-1157 йиллар), шоир ва мутафаккир Аҳмад Югнакий (XII-XIII аср), деярли кимсасиз, ёввойи ҳайвонлар макон қилган Самарқандга турли жойлардан одамларни кўчириб, унга қайта жон ато қилган Самарқанд беги Шоҳмурод ибн Дониёл (1720-1785 йиллар) каби улуғлар билан кўргазмали, товушли тарзда танишиб кетар эди. Бу буюкларнинг ҳеч бирига алоҳида ҳайкаллар ўрнатилмаган. Аллеянинг алоҳида бир қисмини совет ва мустақиллик давридаги вилоят ҳокимлари бюстлари эгалласа ҳам яхши бўларди.
Бу таклифлар ҳурматли Шавкат Миромоновичнинг сайловчилар билан бўлган учрашуви, у кишининг Регистон макетини БМТга қилган совғаси сабаб юзага келди. Ўйлаймизки, бу фикрларимиз Самарқанднинг сайёҳлик салоҳиятининг янада ошишига, тарихимиз буюкларини дунёга танитишда муҳим ўрин тутади.
Эркин МУСУРМАНОВ,
СамДУ доценти, филология фанлари доктори.