1 декабрь - ОИТСга қарши курашиш куни: “Тенглик вақти” тенгсизликни бартараф этади 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозир дунёда ОИВ инфекциясидан азият чекаётган 40 миллионга яқин бемор бор. Улар сони йилига ўртача 1,5 миллион нафарга кўпаймоқда. Энг ёмони, хасталик ҳар йили 600 мингдан зиёд кишининг ҳаётига зомин бўляпти.

Бундай хавотирли кўрсаткичлар мазкур юқумли касаллик инсоният саломатлиги учун нақадар жиддий таҳдид эканлигини яна бир бор тасдиқлайди. Зеро, ОИВ ва ОИТС бутун дунё ҳамжиҳатликда курашиши лозим бўлган глобал муаммодир.

Зокир Умурзоқов, Самарқанд вилояти ОИТСга қарши курашиш маркази бош шифокори, Самарқанд давлат тиббиёт университети эпидемиология кафедраси мудири:

- Марказимиз ходимлари инсонлар саломатлигига, миллат генофондига жиддий хавф солаётган одам иммунитети танқислиги синдроми касаллигининг олдини олиш, ундан ҳимояланиш, ташхис, даволаш самарадорлигини ошириш, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, бу борадаги тарғибот ишларини кучайтириш учун бор куч ҳамда имкониятларини ишга солмоқда. Яқинда марказда шифокор, аутрич ва психологдан иборат мобил кўп тармоқли бригада ташкил этилиб, айни пайтда ушбу бригада аъзолари беморларга паллиатив ёрдам кўрсатмоқда. Бу эса тиббий хизматни аҳолига янада яқинлаштириш имконини беряпти.

Дилафрўз Аллазова, марказ поликлиника мудири:

- Инфекцияланганларнинг 95 фоизи антиретровирус терапиясини олиши керак. Шунда муолажа олган бу беморларда вирус юклама пасаяди. Кези келганда шуни айтиш жоизки, 2014 йилдан буён БМТнинг ОИВ ва ОИТСга қарши кураш бўйича “95-95-95” қўшма дастури асосида иш олиб боряпмиз. Бундан ташқари, “Ишонч хоналар”, “Дўстона хоналар” базаларида, кўчма лабораторияларда, шунингдек, жамоат ташкилотлари иштирокида тезкор ОИВ тестларидан фойдаланиш орқали аҳолини инфекцияга текширувлар билан қамраб олишни кенгайтириш чоралари кўрилмоқда. Ҳар бир аниқланган ҳолат бўйича эпидемиологик, лаборатория ва даволаш жиҳатлари ҳамда реал вақт режимида диагностикум, дори воситалари ҳаракатини инобатга олган ҳолда мониторинг ахборот тизими йўлга қўйилган.

Мавлуда Чуянова, марказ лаборатория мажмуаси мудири:

- Вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази лаборатория мажмуасида шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларидан олиб келинаётган қон намуналари таркибини сифатли таҳлил  этиш учун барча зарур шарт-шароитлар мавжуд. Бу ерда ОИВ инфекциясига иммунофермент усулида текширишдан ташқари таҳлилларнинг тўғрилигини тасдиқловчи иммуноблот усули ҳам амалиётга жорий этилган. Яқинда мазкур мажмуа тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, энг сўнгги русумдаги замонавий тиббий ускуна ва лаборатория жиҳозлари ўрнатилди.

Жумладан, Самарқанд вилоят ҳокимлиги томонидан полимер занжир реакцияси  таҳлилларини ўтказадиган, Германия давлатида ишлаб чиқарилган 2 дона  "ДНК-96" технология аппарати, ламинар шкафлар олиб берилди.

Дилрабо Пардаева, марказ ходим:

- Даволаш профилактика муассасасида 2020 йилда яна бир хайрли ишга қўл урилди. Вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази базасида Самарқанд давлат тиббиёт университетининг эпидемиология кафедраси ташкил этилди. Бу назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлашда қўл келмоқда.

Мазкур касалликка чалинган беморлар барча инсонлар қатори бир хил. Улар фақат дори-дармон билан яшаётганини ҳисобга олмаганда, бошқа ҳеч қандай фарқли жиҳати йўқ. Шунинг учун ОИТСга чалинган инсонлар ҳақида эшитганда ваҳимага тушмаслик, уларга бошқа одамлар қатори муомала қилиш нафақат беморнинг ўзига, балки жамият учун ҳам муҳим. Сабаби, тенгсиз муносабат беморларнинг ўз касалини яширишига ҳамда тегишли жойларда бу ҳақда айтишига тўсқинлик қилади. Улар барча қатори тенг инсон эканлигини унутмаслигимиз керак.