1,5 миллиондан ортиқ кўчат экишга тайёр

Табиат уйғонди. Янги боғлар яратиш, гуллар экиш, кўча-кўй ободлигига файз берувчи ниҳоллар ўтқазиш мавриди етди. Кўчатчилик борасида минтақада етакчи бўлган Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти Самарқанд илмий тажриба станциясининг жамоаси ҳам ўзлари етиштирган серҳосил кўчатларни боғбонларга тақдим этмоқда.

– Бу йил станциямиз ходимлари томонидан уруғли мева кўчатларидан 258 минг, донакли мевалардан 47 мингдан ортиқ кўчатлар тайёрланди, – дейди илмий тажриба станцияси бош ҳосилоти Бобур Ҳайдаров. – Биргина олманинг 13  хил янги навидан 242 минг ва 6 хил навдаги 10 минг туп уруғдан ундирилган ва умумий ҳисобда 305 мингдан ортиқ олма кўчатлари тайёрланиб, деҳқонларимизга етказиб берилмоқда. Узум етиштириш ва узумчиликни ривожлантириш мақсадида тажриба хўжалигимизда қарийб 400 мингга яқин 5 хил кўчат тайёрланди. Айниқса, ҳозирда талаб юқори бўлган "Ботир кишмиш", "Қора кишмиш", "Оқ кишмиш", "Тоифи" каби истеъмолбоп навларни кўпайтириб, хўжаликларга етказиб беряпмиз. Шунингдек, ёнғоқнинг талаб юқори бўлган навларини пайванд қилиш йўли билан 61 минг тупдан ортиқ сифатли ёнғоқ кўчатлари етиштирдик.

Тайёрланган кўчатларнинг сотилиш географиясига келадиган бўлсак, Хоразм ва Бухоро вилоятлари асосан ўрик, шафтоли, гилос каби донакли меваларни кўпроқ харид қилишяпти. Сурхондарё ва Тошкент вилояти боғбонлари олма, Жиззах вилояти миришкорлари узум экмоқда. Вилоятимизнинг Қўшработ ва Пайариқ туманларида асосан узум ва ёнғоқ кўчатига талаб ортган бўлса, бош­қа туманларда мева кўчатлари бир хилда сотилмоқда.

Харидорларга қулайлик яратиш мақсадида станциямизда савдо хизмати ташкил этилиб, мижозларга нақд пул, пул кўчириш ва банк пластик карточкалари орқали ҳам кўчатлар тақдим этяпмиз. Бундан ташқари, станциямизда кўча ва хиёбонлар, хонадон ва гузарлар ободончилиги учун 9 минг­дан ортиқ атиргул кўчатлари ҳам тайёрланди.

Вилоят ўрмон хўжалиги бош­қармаси ва туман бўлимларида эса 800 мингга яқин манзарали дарахт кўчатлари тайёрланди. Харидорларга қулайлик яратиш мақсадида туман марказлари ва аҳоли гавжум масканларда кўчатлар савдоси ташкил этилган.

Ўктам ҚЎЗИБОЕВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).