2018 йилда Самарқандда аҳоли жон бошига ўртача умумий даромад 7,7 миллион сўмни ташкил этди
Давлат статистика қўмитаси мамлакатимиз аҳолисининг 2018 йилдаги умумий даромадлари кўрсаткичларини эълон қилди. Унга кўра, ўтган йилда аҳолининг умумий даромадлари 286,3 триллион сўмни, бир кишига ўртача 8,7 миллион сўмни ташкил этган. Жон бошига ҳисоблаганда аҳоли 7,3 миллион сўм реал даромад қилган.
Истеъмол нархларининг ўзгариши сабабли 2017 йилнинг мос даврига нисбатан аҳолининг умумий даромадлари реал ўсиш суръати 10,3 фоизни, аҳоли жон бошига умумий даромадларининг реал ўсиш суръати 8,4 фоизни кўрсатган.
Аҳоли жон бошига ўртача умумий даромадлари бўйича республика даражасида Самарқанд вилояти 7,7 миллион сўм билан 9-ўринни банд этган. Юқори кўрсаткичлар Тошкент шаҳри (16,2 миллион сўм) ҳамда Навоий (13,5 миллион сўм), Бухоро (10,8 миллион сўм), Хоразм (9,1 миллион сўм) вилоятларида қайд этилган. Бу бўйича қуйи кўрсаткичлар Қорақалпоқистон Республикаси (6,3 миллион сўм) ва Наманган вилояти (6,8 миллион сўм) ҳиссасига тўғри келмоқда.
Аҳоли жон бошига умумий даромадларнинг реал ўсиш суръатлари бўйича Самарқанд вилояти 8,5 фоиз билан 7-ўринда. Бу борада энг юқори кўрсаткич Сурхондарё ва Хоразм вилоятларига (11,3 фоиз) тўғри келади.
Ҳудудларнинг аҳоли умумий даромадлари таркибида меҳнат фаолиятидан олинган даромадларнинг (ёлланиб ишловчиларнинг иш ҳақи ва мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадлар) энг юқори улуши Навоий (84,2 фоиз) вилоятида кузатилган. Самарқанд вилоятида (68,1 фоиз) ўртача республика даражасидан паст кўрсаткични ташкил этди.
2018 йилда мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадларнинг номинал ўсиш суръати 26,0 фоизни ташкил этди. Аҳоли умумий даромадлари ҳажмида ушбу даромад манбаи катта аҳамиятга эга бўлиб, унинг улуши 44,8 фоизни ташкил этди. Ҳудудларда мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадларнинг улуши турлича ва 17,4 фоиздан (Тошкент шаҳрида) 61,7 фоизгача (Жиззах вилоятида) ўзгариб туради. Мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадларнинг ҳудуд аҳоли умумий даромадлари таркибидаги 50 фоиздан юқори улуши Бухоро (52,2 фоиз), Сурхондарё (52,0 фоиз), Андижон ва Сирдарё (50,5 фоиз) ҳамда Самарқанд вилоятларида (50,3 фоиз) кузатилди.