“2022 Asian Triathlon Cup Samarkand” халқаро мусобақаси ҳамда Ўзбекистон чемпионатида 78 нафар волонтёр таржимонлик қилади

8-9 октябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган “2022 Asian Triathlon Cup Samarkand” халқаро мусобақаси ҳамда Ўзбекистон чемпионатига тайёргарлик кўриш жараёнлари қизғин давом этяпти.

Вазирлар Маҳкамасининг “Самарқанд шаҳрида триатлон бўйича “2022 Asian Triathlon Cup Samarkand” халқаро мусобақаси ҳамда Ўзбекистон чемпионатини ўтказиш тўғрисида”ги баёнига асосан жараён Самарқанд шаҳрида жойлашган эшкак эшиш канали ҳудудида ўтказилиши белгиланган.

Ушбу халқаро мусобақа ҳамда Ўзбекистон чемпионатида Самарқанд давлат чет тиллар институти томонидан кўнгилли (волонтёр) таржимонлар сифатида 78 нафар талаба жалб этилиши кўзда тутилган. Уларнинг 70 нафари инглиз тили, 4 нафари рус тили, 3 нафари хитой тили ва 1 нафари япон тилида таржимонлик хизматини кўрсатади.

Жорий йилнинг 3 октябрь кунидан буён Самарқанд халқаро аэропорти орқали спортчиларни кутиб олинмоқда ва меҳмонхоналарга жойлаштирилмоқда. Кеча, 6 октябрь куни таржимон волонтёрлар учун брифинг ўтказилиб, уларга зарур тушунча ва кўрсатмалар берилди.

СамДЧТИ ахборот хизмати.