2030 йилгача Самарқанд вилоятининг 60 фоиз майдонида сув тежовчи технологиялар жорий этилади

2021 йилда 517 та ташаббускор фермер хўжалиги ва кластерлар томонидан сув тежовчи технологияларни жорий қилиш учун бериладиган имтиёзлар ҳамда ушбу технологияларнинг афзалликларидан келиб чиқиб умумий қиймати 429,5 миллиард сўмлик 21 минг 474 гектарда томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш режалаштирилмоқда. Шундан, пахтада 13269 гектар, боғларда 2830 гектар, токзорларда 4873 гектар, бошқа экинларда 328 гектар ва 168 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш тизими жорий қилинади.

Бундан ташқари, вилоятда 20 минг гектар майдонда ерларни лазер ёрдамида текислаган ҳолда “дискрет” суғориш усулини жорий қилиш ҳам белгиланган.

Вилоятда 2030 йилгача 159,8 минг гектар ёки экин экиладиган сувли майдонларнинг 60 фоизида сув тежовчи технологиялар жорий қилинади.

Бугунги кунда сув тежовчи технологияларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган Самарқанд шаҳридаги “Асаr Mak San”, “Саг Агро” ва Ургут туманидаги “УрГаз” масъулияти чекланган жамиятларининг бир йиллик қуввати 20 минг гектарни ташкил этади. Қувватни ошириш учун вилоятда ушбу соҳага ихтисослашган яна бир корхонани ишга тушириш режалаштирилмоқда.

Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ахборот хизмати.