21-25 ноябрь кунлари Остонада Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилиши кўзда тутилган
Бу ҳақда Туркий давлатлар ташкилоти матбуот марказида ўтказилган брифингда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков маълум қилди.
- Бугунги кунда Ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлатлар билан икки ва кўп томонлама ҳамкорлик муносабатлари фаол ривожланиб бормоқда, – деди О.Назарбеков. - Хусусан, Қозоғистон Республикаси билан икки мамлакат ҳудудида маданият кунларини ўтказиш яхши анъанага айланган. Жорий йилнинг 21-25 ноябрь кунлари Остона шаҳрида “Ўзбекистон маданияти кунлари”ни ташкил этиш режалаштирилмоқда.
2023 йилда эса Ўзбекистонда “Қирғизистон маданияти кунлари”ни, Қирғизистонда эса “Ўзбекистон маданияти кунлари”ни ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Туркманистон билан алоқаларимиз йилдан-йилга ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этиш ўринли. Мазкур ҳамкорликни янги босқичга кўтариш мақсадида шу йилнинг 16-17 ноябрь кунлари Туркманистоннинг Ташовуз шаҳрида ўзбек ва туркман халқлари дўстлиги фестивалини ўтказиш режалаштирилмоқда.
Яқинда Туркиянинг Бурса шаҳрида Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ халқаро ташкилотига аъзо давлатлар маданият вазирларининг 39-йиғилиши бўлиб ўтди. Ана шу йиғилишда туркий давлатлар маданият соҳаси истиқболи учун жуда муҳим қарорлар қабул қилинди.
Саммит доирасида Маданият вазирлиги томонидан 6 та маданий тадбир ташкил этилиши режалаштирилган. Уларда 300 нафарга яқин маҳаллий ва 70 нафардан ортиқ хорижий санъаткорлар жалб этилмоқда. Туркий давлатлар ташкилотининг аъзо ва кузатувчи давлатларидан фольклор жамоаларининг ҳам иштирок этиши режалаштирилган.