Шу кунларда электр таъминотида жуда кўп узилишлар бўлаётгани айтилмоқда: Мутасаддилар ҳолат юзасидан муносабат билдирди
Кеча, 26 июль куни каналимизда «Бугунги жазирама кунларда хонадонингизга электр энергияси узлуксиз тарзда бериляптими?» мавзусида сўровнома ўтказилди.
Сўровномада (27 июль, 09:00 ҳолатида) иштирокчиларнинг 43 фоизи электр таъминоти муттасил эканини, 34 фоизи бир-икки соат узилишлар бўлаётганини билдирган бўлса, 23 фоиз қатнашчилар жуда кўп узилишлар бўлаётганини қайд этган.
"Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ Самарқанд ҳудудий филиали масала юзасидан муносабат билдирди. Жумладан, унда шундай дейилади:
“Мазкур сўровномада иштирок этган 23 фоиз иштирокчилар жуда кўп узилишлар бўлаётганлигини билдиришган. Сўровнома изоҳларида кўпроқ Пайариқ тумани ва Самарқанд шаҳрининг айрим ҳудудларида электр таъминотида узилишлар кузатилаётган юзасидан изоҳлар қолдирилган.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, айни кунларда вилоятимизда ҳам куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш муносабати билан электр узатиш тармоқларида мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, Пайариқ тумани ҳудудида мавсум олдидан таъмирлаш тақсимот режасига асосан электр узатиш тармоқларида таъмирлаш ишлари бажарилмоқда. Жорий йил 25-26 июль кунлари «Л-Найман» 35 кВ ҳаво электр узатиш тармоқларида таъмирлаш ва 1-, 5-таянчлар оралиғидаги ҳаво тармоқларини дарахт шохларидан тозалаш ишлари олиб борилиши ва бунинг натижасида туманнинг 20 дан ортиқ маҳаллаларида электр таъминотида узилишлар бўлиши ҳақида хабар берилганди. Бундан ташқари, айни кунларда туман ҳудудида электр узатиш тармоқларини янгилаш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Рақамларга тўхталадиган бўлсак, биргина Пайариқ туманининг ўзида 2023 йилнинг иккинчи ярми ва 2024 йилнинг ҳозирги кунига қадар 40 га яқин трансформатор пункти ва 4 мингта темир бетон устунлари ўрнатилиб, 140 километр СИП кабеллари ва 10 кВ ҳаво электр узатиш тармоқлари тортилди. Айни кунларда ушбу тармоқларда якуний монтаж ишлари бажарилмоқда.
Кейинги кунларда Самарқанд шаҳрида ҳам электр таъминотида узилишлар кузатилаётганлиги ҳақида мурожаатлар бўляпти. Хабарингиз бор, Самарқанд шаҳрида 25-30 август кунлари “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур халқаро мусиқа фестивали олдидан ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун подстанцияларни қувватини ошириш, тармоқларни янгилаш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳар ҳудудидаги «Шимолий», «Сартепа» подстанцияларида реконструкция ишлари бажарилмоқда. Жараёнда мавжуд эски ячейкалар ва кабель тармоқлари янгиланмоқда.
Айни кунларда Ўзбекистон бўйича жуда иссиқ об-ҳаво кузатилмоқда. Бундай вазиятда ҳам истеъмол ва электр узатиш тармоқларида юкламалар ортиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Шундай бўлса-да, истеъмолчиларга узлуксиз электр энергияси етказиб бериш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда", дейилади "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ Самарқанд ҳудудий филиали муносабатида.