24 мингдан зиёд фуқарога ижтимоий хизмат кўрсатилди

Нарпай туманида аҳоли фаровонлигини ошириш, эҳтиёжманд фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида марказимиз ҳамда маҳаллаларда хизмат қилаётган ижтимоий ходимлар томонидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, тумандаги 53 та маҳаллада фаолият юритаётган ижтимоий ходимлар ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказининг бешта шуъбаси орқали шу йилнинг ўтган даврида 24 мингдан зиёд фуқарога 20 минг 309 та хизмат кўрсатилди. 1850 нафар фуқаронинг эҳтиёжлари баҳоланиб, ижтимоийлашуви таъминланди.

Марказда вояга етмаган болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш шуъбаси томонидан 13 нафар ногиронлиги бўлган бола таълимга жалб этилди. 180 нафар ота-она қарамоғисиз қолган болага васийлик тайинланди. Йил бошидан 5 нафар чин етим болага барча қулайликларга эга турар жойлар топширилди.

Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 36 нафар фуқарода ногиронлик белгиланди, 1030 нафар фуқаро протез-ортопедия воситалари билан таъминланди. Меҳнатга лаёқатли ногиронлиги бўлган 667 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди, 265 нафар фуқаро адаптив спортга жалб этилди.

Қаровчига муҳтож 101 киши ёлғизлар реестрига киритилиб, 32 нафарининг уйда ва кунлик парвариши йўлга қўйилди. Бирламчи эҳтиёжлар доирасида 21 нафар оила кийим-кечак ва 54 нафари зарурий товарлар билан таъминланди. 9 нафар фуқаронинг даволаниш харажатлари қопланди, 3 нафарининг уй-жой шароитлари яхшиланди.

З.Ёрқулов,

Нарпай тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази маҳаллалар  билан ишлаш шуъбаси мудири.