24 йилдан сўнг қайта тикланган Тошкент кинофестивалига хориждан 355 нафар киноюлдузлар таклиф этилади
Президентимизнинг “Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тиклаш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши кино соҳасини ривожлантириш, хорижлик киноусталари ва юртимиз киноижодкорлари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, энг сара киноларни юртдошларимизга тақдим этиш, кино соҳасини янада ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. Мазкур кинофестиваль ҳар йили 28 сентябрь – 3 октябрь кунлари “Ипак йўли дурдонаси” номи билан Ўзбекистон Кинематография агентлиги томонидан ўтказилади.
Дастлаб кинофестиваль “Осиё, Aфрика ва Лотин Aмерикаси халқаро кинофестивали” деб номланиб, 1968–1997 йиллар май ойи охири – июнь ойи бошида давлат кинематография қўмитаси ва киноарбоблар уюшмаси томонидан ташкил этилган.
Қарийб 24 йилдан буён ўтказилмай келинган кинофестиваль фаолиятининг қайта йўлга қўйилиши маданий ҳаётимизда муҳим рол ўйнайди. Чунки кинофестиваль дунё мамлакатлари ўртасида маданиятлараро мулоқотни янада мустаҳкамлаш, жаҳон киноиндустрияси билан ҳамкорликда қўшма кино лойиҳаларини яратиш, инсонпарварлик ва бағрикенглик, халқлар дўстлигини тарғиб қилиш, замонавий дунёнинг энг сара кино санъати асарларини юртимизга жалб қилишда муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, миллий киносанъатимизнинг халқаро ҳамжамиятдаги нуфузини ошириш, халқимизнинг тарихи ва бой маданиятини дунёга тарғиб қилиш борасидаги амалий ишларнинг ривожига ижобий таъсир кўрсатади.
Кинофестиваль арафасида чет давлатларда ўзбек кино санъати кунларини ўтказиш эса миллий кино санъатимизнинг сара дурдоналарини хорижда намойиш қилиш имконини беради.
Шунингдек, фестиваль доирасида конференциялар, мастер-класслар, брифинглар, кино соҳасига боғлиқ давра суҳбатлари ўтказилиши белгиланган. Жорий йил ўтказилиши кутилаётган кинофестивалда хориждан 355 нафар (уларнинг 55 нафари таниқли киноюлдузлар) иштирокчи таклиф қилиниши режалаштирилган. Уларнинг юртимизга ташрифи халқаро киноижодкорлар билан миллий кино санъатимиз фидойилари ўртасида дўстона алоқаларни янада яхшилашга бўлган улкан қадам.