31 нафар “тадбиркор” салкам 394 миллион сўмлик табиий газни ноқонуний “ёқиб юборди”
“Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали томонидан якка тартибдаги хўжалик юритувчи субъектлар томонидан газ ўғирликларини аниқлаш бўйича доимий назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Шундай тадбирларнинг бири Паст Дарғом туманида бўлди.
Унда туманнинг Намозгоҳ маҳалласида яшовчи фуқаро Н.Н. ўзбошимчалик билан ҳеч қандай ҳужжатларсиз ноқонуний равишда табиий газ тармоғига уланиб олгани аниқланди. У 7,5 сотих ер майдонида иссиқхона ташкил этиб, бодринг ва полиз экинлари етиштираётган, бу ерда 3 та қўлбола иситиш печи ва 2 та қўлбола иситиш қозонининг ҳар бирида 2 тадан газ ёндиргич (горелка) дан фойдаланиб келган.
Оқибатда истеъмолчининг газ тармоғига ноқонуний уланиш ҳолати қайта ҳисоб-китоб қилинди ва газ тармоғидан узилди. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу иссиқхонада ноқонуний фойдаланилган газ ҳажми 57002, 4 метр кубни ташкил этиб, газ таъминоти ташкилотларига етказилган зарар миқдори 57 002 400 сўмни ташкил этган.
Шунингдек, “Narpaytumangaz” томонидан ўтказилган текширувлар давомида газ тармоғига ноқонуний уланиб, оҳак ишлаб чиқараётган “тадбиркор” аниқланди. Туман газ таъминоти бўлими ходимлари томонидан тузилган далолатномага кўра, Оқтош шаҳри, Муқимий номли маҳаллада яшовчи фуқаро У.Н. 2020 йилнинг 22 декабрь кунидан газ тармоғига ноқонуний уланиб, оҳак пишириш учун 12 дона қўлбола ёндиргичдан фойдаланиб келган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 13 суткадаги ноқонуний фаолияти натижасида газ таъминоти корхоналарига 31 973 760 сўм зарар етказган.
Умуман, 2021 йилнинг ўтган бир ойи давомида турли хилдаги маҳсулот ишлаб чиқарувчи “тадбиркор”лар томонидан шартнома шартларига амал қилмай, газ тармоқларига ноқонуний уланиш бўйича жами 31 та ҳолат аниқланиб, тармоқдан узилди. Барча тўпланган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди. Ноқонуний уланиш натижасида газ таъминоти корхоналарига етказилган зарар миқдори 393 миллион 869,9 минг сўмни ташкил этди.
“Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали ахборот хизмати.