365 нафар меҳнат муҳожирини олиб келиш чораси кўриляпти

Хабар қилганимиздек, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси ходимлари ва вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари иштирокида Россия Федерациясидаги “СУ-10”, “Монотек” компанияларида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган меҳнат мигрантлари билан онлайн мулоқот ташкил этилди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вилоят филиали етакчи мутахассиси Элбек Қўқоновнинг айтишича, мулоқотда юртдошларимиз яшаш ва иш шароитлари, кредит, тегишли гувоҳномалар олган ҳолда малака ошириш имкониятлари долзарб масалалар муҳокама қилинган.

"Бугунги кунда яна бир жиҳатни эътиборга олиш муҳим. Яъни, меҳнат муҳожирларининг қарамоғида бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимояси, уларни қўллаб-қувватлаш назарда тутиляпти. Бу бўйича 1 март куни Президентимиз томонидан “Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор имзоланди. Унга кўра, 2022 йил 1 июндан Россия Федерацияси, Туркия ҳамда Қозоғистоннинг тегишли ҳудудларида  Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг вакиллик институти жорий қилинади.  

Ушбу қарор билан 2022 йил 1 майдан боқувчиси хорижга ишлашга кетган ва “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” рўйхатида турган, ҳоким ёрдамчиларининг ёзма тавсияномасига асосан фуқароларга ҳар йили 540 минг сўмдан бир марталик ёрдам берилади. Ногиронлиги бўлган оила аъзоларига дори-дармон, ногиронлик араваси, эшитиш аппарати ва ортопедик маҳсулотлар харид қилиш учун 1,3 миллион сўмдан ёрдам кўрсатилади. Қолаверса, “дафтар”лардан бирига киритилган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси билан ишлашга кетганларга 10 миллион сўмгача микроқарз тақдим этилади.

Бугунги кунда ҳоким ёрдамчилари ва профилактика инспекторлари томонидан хорижда бўлган 160 мингга яқин самарқандлик меҳнат муҳожирининг тўлиқ рўйхати шакллантирилди. Уларнинг оила аъзолари билан суҳбатлар ўтказилиб, шароити, муаммолари ўрганилди.

Хусусан, уларнинг 340 нафари ҳужжатларида муаммоси борлиги, 332 нафари ишсиз қолгани ва иш ҳақи ололмаётгани, 424 нафарининг доимий яшаш жойи йўқлиги аниқланди, 365 нафари эса маблағи етарли эмаслиги сабабли юртимизга қайтолмаяпти. Маблағи йўқлиги сабабли қайта олмаётган фуқароларни “дафтар”лардан бирига киритиб, олиб келиш чоралари кўриляпти.

Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига мувофиқ, 5 апрель куни вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари раҳбарлигидаги гуруҳ Россия Федерациясининг Санкт-Петербург ҳамда Екатеринбург шаҳарларига жўнаб кетди. Ҳозирда хорижда вақтинча меҳнат қилаётган фуқаролар билан учрашувлар ташкил қилиниб, муаммолари ҳал этиляпти", дейди Э.Қўқонов.