50 сотих ер майдонини 97 минг долларга сотмоқчи бўлган шахс ушланди
- 29.11.2023 12:08
- 768
- Жиноят ва жазо
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тойлоқ туман бўлими ҳамда ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда шундай фирибгарлик ҳолати аниқланди.
Унда фуқаро Б.М. Ургут туманидаги “Қ.” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 50 сотих захирадаги ер майдонини фуқаро З.И.га 97 000 АҚШ долларига сотишга келишиб, ер майдони ҳужжатларни расмийлаштириб беришини айтиб, олдиндан 31 000 АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Б.М.нинг кўрсатувига асосан давом этган тадбирда Давлат кадастрлар палатаси Ургут тумани филиали бўлим муҳандиси Н.Н. юқоридаги ер майдонининг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.