61 йил капсулада яшаган аёл

Ҳаётимиз давомида деярли барчамиз тақдир бизга нисбатан адолатсиз эканлиги ҳақида нолиган пайтларимиз бўлган. Бугун сизга 60 йилдан зиёд вақт давомида капсулада яшаган ва тақдиридан нолимаган аёл Марта Мейсон ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.

Марта 1937 йилда Америкада мутлақо соғлом туғилиб, 11 ёшгача ақлли ва хушчақчақ ўсди. 1948 йилда Мейсонлар оиласида бахтсизлик юз берди. Мартанинг акаси полиамелит касаллигидан вафот этди. Кўп ўтмай унинг ўзи бу касаллик аломатларини сеза бошлади.

Қиз бола ётоққа михланди - деярли бир ойда тана мушакларининг қуриши (атрофия) бошланиб, у мустақил равишда нафас олиш қобилиятини йўқота бошлади. Марта касалхонага ёқизилди, унинг ҳар бир нафас олиши ва нафас қайтариши учун жавобгар сунъий нафас олиш аппарати - капсулага жойлаштирилди. Унинг ичидаги ҳаво босими доимий равишда ўзгариб турар ва бу қизчанинг нафас олишини енгиллаштирарди.

Шифокорлар Мартанинг ота-онасини у капсула ичида бир йилдан ортиқ яшай олмаслиги тўғрисида огоҳлантиришди, қизнинг соғайиб кетиши тўғрисида кафолат беришмади. Аслида эса ҳамма нарса бошқача бўлиб чиқди. У ўзининг янги танасига айланиб қолган сунъий нафас олиш аппаратида 61 йил давомида «яшади».

Севимли ота-онаси ва содиқ дўстлари ёрдами билан Марта ўрта мактабни тугатди, сўнгра иккита университетни битириб, журналист касбини эгаллади. Уни маҳалий газеталарнинг бирида ишга ҳам олишди.

У қандай қилиб мақола ёзган, деб ўйлаётгандирсиз. Бошида Марта материални онасига айтиб берар, онаси эса мақолани ёзиб, таҳририятга юборарди. Кейинчалик қизнинг компьютерига овозни аниқлаш дастури ўрнатиб беришди ва Марта мустақил равишда ишлашга муваффақ бўлди.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, чекланган ҳаёт тарзига қарамасдан, Мейсон ҳеч қачон ўз тақдиридан нолимади. У бутунлай бошқача яшай олиши мумкинлигини тушунарди. Лекин умуман яшамаслигини ҳам биларди-да. Ҳамма нарсанинг ижобий томонларини излашни ўрганди ва капсулага ўзининг иккинчи бўлагидек муносабатда бўларди. Бундан ташқари, қизнинг барча масалаларда унга ёрдам берадиган дўстлари бор эди. Ўзини тўла ҳис қилиши учун хонасида ҳатто тадбир ва зиёфатлар ўтказарди. Марта ҳаётдан завқланишни ва ҳар қандай вазиятда ўтказган ҳар бир кунини қадрлаш кераклигини аниқ тушунганди.

Мейсон ўзининг ҳаёти тўғрисида «Нафас олиш: сунъий аппарат ритмидаги ҳаёт» номли китоб ёзди.

Марта капсула ичида 61 йил яшади ва шу вақт ичида уни деярли тарк этмади. Руҳи заифроқ одам сунъий нафас олиш аппаратини қафас деб айтган бўларди. Аёл ҳар куни ўзининг «темир ўпкалари»га яшаш имконияти учун миннатдорчилик билдирарди.

Марта Мейсон 2009 йилда 71 ёшида вафот этди. У ўзининг кучли иродаси туфайли яшаган ҳар бир кунининг қадрига ета олди.

Баҳора МУҲАММАДИЕВА таржимаси.