Абдураҳмон полвон Таран лақабли тулпори билан элга танилган
Самарқанд вилоятининг чекка ҳудуди Қўшработ тумани фермерлари нафақат узум етиштириш, деҳқончилик ёки чорвачилик, балки йилқичилик билан ҳам шуғулланади.
Қўшработнинг Навоий ва Жиззах вилоятлари билан чегара ҳудудида жойлашган Кийикўйнар тепалиги ва унга туташ кенгликларда туманнинг Булоқ маҳалласида яшовчи Абдураҳмон Жонбоев йилқи боқади.
Абдураҳмон ака бир пайтлар Республикадан таниқли чавондозлардан бири бўлиб, унинг элга танилишида Таран лақабли тулпорининг ўрни алоҳида бўлган.
- Болалигимдан отга қизиқаман, - дейди А.Жонбоев. – 35 йилдан бери отбоқарлик билан шуғулланаман. Узоқ йиллар ширкат хўжалигининг йилқисини боққанман. Бундан икки йил олдин фарзандларим билан маслаҳатлашиб, “Абдураҳмон бобо Таран тулпорлари” номли фермер хўжалигини ташкил қилдим. Аукцион орқали 70 та от сотиб олдим ва уларнинг сони бугунги кунда 150дан ошди. Кўпкари учун отлар ҳам тайёрлайман. Ҳозир иккита отим кўпкарида чопишга шай турибди. Ўзим ҳам от чопганман. Таран номли тулпорим бор эди. У билан кўпгина улоқ-кўпкариларда ғолиб бўлганман. Мени Абдураҳмон полвон, деса кўпчилик қайси бири дерди. Чунки юртимизда Абдураҳмон исмли чавондозлар кўп эди. Абдураҳмон Таран, деса кўпкари ишқибозлари яхши танирди. Таран Ўзбекистонда ягона эди. Мендан ҳам кўра Таран тулпорим таниқли эди.
От ўрнини той босар деганларидек, Абдураҳмон бобонинг шогирдлари унинг фарзандлари ва невараларидир. Улар отахондан йилқи боқиш, от тарбиялаш сир-асрорларини ўрганиб бормоқда.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ.