Абитуриент аёлни 4 минг доллар эвазига ўқишга киритмоқчи бўлган ОТМ ўқитувчиси ушланди

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида ўқитувчи бўлиб ишловчи шахс Паст Дарғом туманида яшовчи 33 ёшли аёлга 4000 доллар эвазига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, олдиндан 1800 доллар беришини сўраган.

Aбитуриент аёл 12 июль куни Самарқанд шаҳар ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, ўзини олийгоҳ ўқитувчиси деб таништирган ушбу шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур аризага асосан, Самарқанд шаҳрининг Навоий шоҳкўчасида тезкор тадбир ўтказилган. Унда олийгоҳ ўқитувчиси аризачидан 1800 доллар миқдоридаги пулларни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар ИИБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми билан жиноий иш қўзғатилган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.