Афғонистон ҳукумати 361 нафар Толибон ҳаракати аъзоларини қамоқдан озод қилди

Бу ҳақда Афғонистон Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жавид Фейсал маълум қилди.

“Президентнинг 11 мартаги фармони доирасида ҳукумат 361 нафар Толибон гуруҳи (Ўзбекистонда тақиқланган) аъзоларини Баграм қамоқхонасидан озод қилди”, дея маълум қилди Фейсал ўзининг Твиттер соҳифасида. У шунингдек, фармонга биноан 1.5 минг нафар гуруҳ аъзоларининг озод этилиши давом этишини қўшимча қилди.

Олдинроқ 300 нафар толибон озод қилингани ва “Толибон” ҳаракати ўз навбатида 20 нафар асирни озод қилиб, уларни Афғонистон жанубида жойлашган Қизил Хоч халқаро қўмитасига топширгани тўғрисида хабар қилинганди.

АҚШнинг Афғонистондаги махсус вакили Залмай Халилзод томонларни асирлар алмашувини тезлаштиришга чақирди. У шунингдек, коронавирус эпидемиясининг қамоқхоналарда тарқалиши эҳтимоли жиддий хавф эканлигини ва бу ҳолат тезкорлик билан ҳаракат қилишга яна бир сабаб эканлигини таъкидлади.

- Икки томон ҳам АҚШ ва Толибон ўртасида имзоланган битимга мувофиқ мақсадга эришишни тезлаштиришлари лозим, - деб ёзди Халилзод ўзининг Твиттер саҳифасида.

Февраль ойининг сўнггида Қатарда ўтказилган тадбир чоғида АҚШ ва Толибон ўртасида тинчлик битими имзоланган эди. Битимга кўра, Афғонистон ҳудудидан 14 ҳафта ичида хориж армияси чиқиб кетиши ва март ойида ўтказилган ўзаро суҳбатдан сўнг асирлар алмашуви бошланиши лозим эди.